Ҳаққонийлик ва шаффофлик — коррупциянинг кушандасидир

19.12.2023 12:12:06

Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят ва Муборак туман Кенгаши ҳамда ҳамкор ташкилотлар томонидан “Таълимда коррупцияга йўл бермаймиз” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирда партия фаоллари, соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари , педагоглар, ҳуқуқ-тартибот идоралари, маҳалла аъзолари ҳамда оммавий воситалари вакиллари қатнашди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП сайловолди дастурида ҳам таълим тизимида коррупцияни олдини олиш устувор вазифа этиб белгиланган. Мамлакатимизда таълим тизимини ҳар томонлама такомиллаштириш, унинг сифати ҳамда самарадорлигини ошириш, таълим муассасаларининг ўқув қуроллар, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Шу билан бирга, олий ўқув юртлари ва техникумларда қабул жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш, таълимдаги коррупция ва порахўрликнинг олдини олишга ҳам астойдил киришилиб, салмоқли ишлар қилинди. Бугун бўлиб ўтган тадбирда шулар хусусида фикр-мулоҳаза юритилди.
- Мамлакатимизда давлатимиз раҳбари томонидан коррупцияни таг-томири билан йўқотиш учун анчагина ишлар қилиб келинаяпти, - деди халқ депутатлари Муборак туман Кенгаши депутати - Пирназар Неъматов. - Тан олиш керак, республикамизда коррупцияни йўқотиш учун барча давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорликда иш олиб бораётганлиги туфайли, сезиларли натижаларга эришилди. Айниқса, соҳадаги ислоҳотлар сабаб вазият тубдан ўзгарди. Масалан, шу кеча-кундузда олий таълим муассасаларига кириш тест орқали бўлаётганлиги сабабли фақатгина билими бор ёшларимиз ўқияпти. Шунингдек, мактабларимизда ҳам таълимда катта ўзгаришлар кузатилмоқда. Юқори синф ўқувчиларининг неча фоизи олий таълим муассасаларига ўқишга кирганлигини инобатга олиб, мактабдаги таълим жараёнига баҳо берилаётгани, директор ва ўқитувчилар белгиланган тартиб-қоидаларга асосан синов асосида ишга қабул қилинаётгани ҳам коррупцияни йўқотишга имкон бермоқда.
Президентимиз бошчилигида ва барча давлат органлари ҳамда кенг жамоатчилик назорати остида таълимда ҳаққонийлик ва очиқлик тамойилига амал қилинаётир. Бироқ, жамият иллати ҳисобланган коррупцияга қарши кураш тобора кескинлашиб борса-да, коррупцияни таг-томири билан суғуриб ташлаш бирмунча қийин кечмоқда. Тадбирда халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Илҳом Норбўтаев, ҳуқуқшунос Баҳоргул Номозова ва бошқалар ҳам сўзга чиқиб, коррупцияни йўқотиш юзасидан ўз таклиф ва тавсияларини беришди. Коррупция таълим тараққиётига жиддий тўсиқ эканлигини аниқ мисоллар ёрдамида тушунтириб ўтдилар.
Ҳафтанинг ҳар жума куни тумандаги барча таълим муассасаларида коррупцияга қарши кураш куни сифатида белгиланиб, мавзуга оид тадбир ва маърузалар ўтказилишига келишиб олинди.
Йиғилиш қатнашчиларининг барча саволларига масъуллар жавоб беришди.

Бахтиёр Жумаев,
"Адолат" СДП партияси фаоли.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+