Ҳар бир бола тарбиясида барчамиз маъсулмиз!

31.03.2022 15:03:08

Сўнгги ўн йилликда биз катталар учун ҳаётимизнинг ажралмас бўлагига айланиб улгурган мобил телефонлар болаларимиз учун хам бегона эмас. Ҳаттоки, улар мобил телефонларнинг имкониятларини ўзлаштиришда катталардан кўра анча илғор. Аммо, танганинг иккинчи томони ҳам бор. Бугунги кунга келиб уяли алоқа воситалари ёш авлоднинг нафақат саломатлигига, шунинг баробарида маънавий, руҳий оламига ҳам сезиларли равишда заҳмат етказмоқда. Улар ижтимоий тармоқларда оммалашаётган турли мобил иловалар таъсирида менталитетимизга, қадриятларимизга тамомила ёд бўлган хатти-ҳаракатлар таъсирига  ёшлик бебошликлари асносида осонгина алданиб қолмоқдалар.

Шу кунларда юртимиз ижтимоий тармоқларида мактаб ўқувчисини  қизлар томонидан самосуд қилинаётгани акс этган видео тасвир ҳам, юқоридаги фикримизнинг яққол исботидир.

Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрининг 5-сонли мактаб ўқувчилари эканлиги айтилаётган мазкур видеода,  мактаб ўқувчисини  бир нечта қизлар томонидан самосуд қилинаётгани борасидаги тасвирлар  акс этган.

Ушбу ҳолат юзасидан Сирдарё вилояти ҳокимлиги, вилоят  ИИБ, ҳамда Халқ таълими ходимлари томонидан олиб борилган  суриштирув ишлари натижасида, барча воқеа қатнашчилари шахсиятига тез фурсатлар ичида ойдинлик киритилди.

Маълум бўлишича, Гулистон шаҳар  ҳудудидаги 4,5,18 умумтаълим мактаб ўқувчилари инстаграм  ижтимоий тармоғи орқали ўзаро бир-бирларини  ҳақорат қилганликлари  натижасида келиб чиқган мазкур воқеа, вояга етмаган яна 2 нафар ўқувчи томонидан тасвирга олиниб,телеграм ижтимоий тармоғига жойлаштирилган.

Ҳозирда  ҳолат иштирокчиларининг ота-оналари аниқланиб, уларга нисбатан қонуний жавобгарлик чоралари  белгиланмоқда.

Биз “Адолат” СДП жамоаси келажагимиз ҳисобланиш ёш авлодлар орасида бундай аянчли ҳодисалар кўпайиб бораётганидан ниҳоятда афсусдамиз. Келажакда шунга ўхшаш ҳодисалар айрим ёшларимиз ўртасида “одат” тусига кириб қолмаслиги учун, фарзандларимизни миллий қадриятлар асосида тарбиялаб, маънавий-маърифий дунёқарашларини кенгайтиришимиз, ота-боболаримизнинг “бир болага етти маҳалла ота-она” деган ақидаларига қатъий амал қилган ҳолда, ҳар бир ёш авлоднинг хулқ-атвори, туриш-турмушига барчамиз бирдек масъул эканлигимизни унутмаслигимиз лозим. Халқ таълими тизимида, маҳаллаларда жамоатчилик назоратини кучайтиришимиз зарур.   

Зотан фарзандларимиз таълим-тарбиясига бўлган эътиборни ёрқин  келажагимиз равнақи йўлида амалга ошираётган энг асосий ва устувор  вазифаларимиздан бири деб хисоблаганимиздагина, юртимиз, давлатимизнинг эртанги истиқболини бугунданоқ мустаҳкамлаган бўламиз.

Салоҳиддин Элмуродов,

Адолат СДП Сирдарё вилояти Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+