Ҳар бир мурожаат эътибордан четда қолмайди

29.09.2022 15:09:58

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуд Қурбонбоевнинг хонқалик ва янгиариқлик сайловчилари билан учрашувлари қизғин паллада.

Депутатнинг Хонқа туманидаги «Пахтагул» маҳалласида жойлашган «Маданият» биносида сектор раҳбарлари, тегишли идора, ташкилот раҳбарлари иштирокидаги бу галги сайловчилари билан учрашуви ҳам самарали кечди.

Унда фуқаролар моддий ёрдам ва бола пули бўйича, уй-жой, ичимлик суви, тиббиёт, ишсизлик ва бошқа масалалар бўйича мурожаатлар этишди.

Абдирим Муҳаммедов маҳалла ҳудудидан ўтган газ қувурининг 100 метргача бўлган масофаси пастга жойлашиб қолгани сабаб, фуқаролар безовта бўлаётгани тўғрисида баён этиб, қувурни юқорига кўтаришда амалий ёрдам беришни сўраб мурожаат этди. Туман газ идораси мутасаддилари бу муаммони 10 кун ичида бартараф этилишини билдирди.

Хушнуд Хўжаев тадбиркорлигини кенгайтириш мақсадида ускуна сотиб олиш учун имтиёзли кредит олишда ёрдам сўраб қилган мурожаати ҳам эътиборга олинди ва туман Агробанк вакиллари томонидан керакли ҳужжатларни тайёрлаш бўйича маслаҳатлар берилди.

Чарос Сапарова субсидия асосида тикув машинасини сотиб олиш тўғрисидаги мурожаатига асосан, туман ҳокимилиги томонидан мурожаатчи «Ёшлар дафтари» рўйхатига киритилиб 15 кун муддат ичида мурожаат ўрганилиб, асослантирилган ҳолда амалий ёрдам бериладиган бўлди.

Омонбой Эгамовнинг экин экиш учун ер майдонига зарурияти борлиги тўғрисидаги баёни ҳам қаноатлантирилди ва туман ҳокимлиги томонидан назоратга олинган ҳолда мурожаатчига экин экиш учун 30 сотих ер майдони бериладиган бўлди.

Шунингдек, депутат М.Қурбонбоев, туман ҳокими етакчилигидаги фаолларнинг сайловчилар билан учрашуви «Мош тўғай» маҳалласида жойлашган 24- сон умумтаълим мактабида давом этди. Учрашув давомида 24 нафар фуқародан мурожаатлар келиб тушди ва аксарияти жойнинг ўзида ижобий ечим топди.

Жумладан, «Дўстлик» маҳалласида яшовчи Равшан Артиқовнинг ер майдонини қайтариб олишда, «Мустақиллик» маҳалласида яшовчи Анагул Жуманиёзованинг қизини даволатиш учун, «Обод» маҳалласида яшовчи Мақсуд Эгамбердиевнинг касалманд турмуш ўртоғи ва фарзандини Ҳиндистон давлатида даволатишда, «Ватанпарвар» маҳалласида яшовчи Рўзигул Аллаберганованинг кредит олишда, «Гулғунча» маҳалласида яшовчи Халилулло Абдуллаевнинг кўзи ожизлар жамиятига ер ажратиш ҳамда офисини мебель билан жиҳозлашда амалий ёрдам сўраб қилган мурожаатларига мутасаддиларнинг эътибори қаратилди ва ижроси юзасидан масъуллар белгиланиб назоратга олинди.

Ташриф давомида депутат ва мутасадди ташкилот вакиллари «Умида-Санобар», «Мадрим-Толибжон» ва бошқа фермер –хўжаликларида бўлиб пахта йиғим – теримининг талаб доирасида олиб борилиши ва ҳашарчиларга яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишишди.

М.Қурбонбоевнинг сайловчилари билан учрашувлар давомида мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, Давлатимиз томонидан «Инсон қадри учун!» тамойили асосида қабул қилинаётган қарор ва фармонларнинг мазмун-моҳияти юзасидан ҳам дилдан мулоқоти сайловчилар диққат марказидан жой олди.

Мухтасар айтганда, М.Қурбонбоевнинг сайловчилари билан учрашувлари давомида баён этилган ҳар бир мурожаат ўз ечимини топиб, сайловчиларнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшаши орқали мамлакатимизнинг тараққий топишига хизмат қилаётгани билан аҳамиятли бўлмоқда.

Депутатнинг учрашувлари давом этмоқда.

Замира АБДУЛЛАЕВА,

«Адолат» СДП

Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+