Ҳар соҳада қонун адолатли ва устувор бўлсин

19.04.2022 10:04:14

Яқинда ижтимоий тармоқларда эълон қилинган “Адолатсиз тизим. Нима учун алимент тўлаётганлар четга чиқишда доимо муаммога дуч келишади?” мавзусидаги мақола кўпчиликнинг диққат эътиборини тортди. Яъни мақолада, агарда инспекторда кишининг алимент тўлаётгани ҳақидаги маълумотлар бўлмаса, у истаган пайтда тақиқ қўйиши мумкинлиги, айниқса бу чет давлатга чиқаётган шахсларда аэропортда, айни учишдан олдин маълум бўлиши ҳақида фикр-мулоҳаза билдирилиб ўтилган эди. Ижро варақасига асосан, ҳар ойнинг бешинчи санасида алимент пуллари тўловчининг иш ҳақидан автоматик равишда олиб қўйилиши, яъни, тўлов жараёни амалга ошсада, бу ҳақидаги маълумот негадир инспекторларгача етиб бормаслиги хусусида мулоҳаза қилинган эди.. 

Дарҳақиқат, ҳар бир алимент тўловчи шахс ўз иш жойидан узлуксиз алимент тўлаб борсада, унинг тўланганлиги тўғрисидаги маълумотнома негадир унинг тўланганлиги хусусидаги маълумотнома негадир Мажбурий ижро бўлимига тақдим қилинмайди. Маълумот бўлмаганлиги сабабли чет давлатга чиқаётган шахсга дарҳол далолатнома тузилиб тақиқ қўйилади. Тақиқ қўйишдан олдин МИБ тўланганлиги тўғрисидаги маълумотни ҳеч кимдан сўраб ҳам ўтирмайди. Қарор чиқарилади ва муҳр урилади. Фуқаронинг узлуксиз алимент тўлаб келаётганлиги ҳеч кимни қизиқтирмайди. Энг Асосийси, четга чиқаётган шахсга тақиқ ўрнатилганлиги ҳақида МИБдан бирор бир хат ёки хабарнома ҳам берилмайди. Айниқса бундай ҳолат айни аэропортга билет олиб, жўнаш олдидан рўй бериб қолса фуқарога ҳам моддий тарафдан ҳам маънавий тарафдан зарар етишини кўз олдимизга келтириш мумкин. Шундан сўнг фуқаро ва МИБ ходими ўртасида зиддиятлар юзага келади. Бу тизимнинг ўзгармай келаётганлиги эса фуқароларнинг давлатга бўлган ишончини йўқотишига олиб келишини айтишимиз мумкин.

Айтиш жоизки Алимент бўйича ўз вақтида тўловларни амалга ошириш, шунингдек чет элга чиқиб кетиб, алимент тўлашдан бўйин товлаш ҳолатларининг олдини олиш учун меъёрий-ҳуқуқий база мавжудлиги тўғрисида меъёрий-норматив ҳужжатларда келтирилган. Бунда чет давлатга чиқаётган шахс Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан ўзаро шартнома тузиш кераклиги белгиланган. Ҳар бир алимент тўловчи шахс низом шартлари билан танишиб, шартнома қилинади ва чет давлатга чиқиши шу асосда белгиланади. Аммо, баъзи ҳолатларда дуч келишимиз мумкин бўлган юқоридаги фикр-мулоҳазаларга таянсак, МИБ ходимларининг тегишли асосларсиз таваккал тақиқ қўйишлари адолат ва ҳақиқат тамойилларини бузилишига олиб келмоқдаки, бундай кўз юмиб кетиб бўлмайди.

Жамиятимизда юзага келаётган МИБ ходимлари ва фуқаро билан бўлган вазиятлар ва фуқаролар билан юз бераётган ҳолатларнинг ҳам сабаблари бу тизимдаги айрим камчиликларга бориб тақалади.Тизим ходимлари орасида шу соҳанинг вакили бўла туриб, соҳага доир қонун ва меъёрий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини тўла билмайдиганлари ҳам учрайди. Қолаверса, айримлари кундан кунга янгиланаётган қарорлар ва қонунлардан ҳам бехабар. Ўз устида ишламайди. Чунки, иш жараёнида бу нарсалар ходимдан қатъий талаб ҳам қилинмайди. Демак, жамоатчилик билан ишлайдиган ходимларни маънавий етуклик даражасига, меъёрий-норматив ҳужжатлардаги қонун-қоидалар хусусида мукаммал билимга эга бўлиши, фуқаронинг ҳақ ҳуқуқларини бузилишига йўл қўймаслиги мақсадга мувофиқдир. Қонун устуворлигини таъминлайдиган, халқимиз рози бўлиб яшайдиган жамият қуришимиз учун мазкур соҳа учун маънавий етук кадрларни тарбиялаш ва шу соҳага оид қонунлар ҳамда қарорлардан тўла, мукаммал хабардор қилиш керакки, улар ҳар қандай шароитда ҳам жамият фаровонлигини ўз манфаатларидан юксакка қўя олишсин.

Гулшод Турсоатова,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+