Ҳарбийлар сайловда фаол қатнашади

25.08.2021 14:08:16

 

Жорий йил октябрь ойида ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови яқинлашган сайин сайловчиларда сайловга оид турли саволлар келиб чиқиши ва маълумотлар билан танишишга талаб кучайиши табиий. Сайловчиларга бўлажак сайлов ҳақида батафсил маълумотларни етказиш мақсадида Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши томонидан жойларда тарғибот тадбирлари ташкил этилмоқда.

Андижон шаҳридаги Қоровул қўшинлари қўмондонлигига қарашли 7553-ҳарбий қисмда “Сайлов қонунчилиги ва сайловчи” мавзусида ташкил этилган тадбир айни шу мақсадга қаратилди.  Унда ҳарбийлар, партия фаоллари ва ҳуқуқшунослар иштирок этди.

Ҳарбийларга Сайлов Кодекси ҳақида, бўлажак сайловнинг Конституциявий асослари, сайловчининг ҳуқуқлари, сиёсий партиялар кузатувчилари, ваколатли вакиллари, ҳуқуқлари, сайловларнинг умумэътироф этилган халқаро демократик тамойиллари ҳақида  тушунча берилди. Бўлажак Президент сайлови “Бир сайловчи бир овозга эга” тамойили асосида ўтишлиги таъкидланди.

Шунингдек, ҳар бир сайловчи ўзи овоз беришда иштирок этадиган сайлов участкасини билиши, сайловчилар рўйхатидан хабардор бўлиши, сайлов кунига қадар қаерда овоз бериши мумкинлиги ҳақида аниқ маълумотларга эга бўлиши зарурлиги таъкидланди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.

Ўз ўрнида Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг сиёсий майдондаги ўрни, ғоялари ва партия лойиҳалари хақида ҳам сўз юритилди.

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон

 вилоят кенгаши матбуот хизмати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+