Хаста инсонларга юртбошимиздан кўмак

20.05.2021 12:05:41

Мамлакатда онкологик касалликларнинг олдини олиш, барвақт аниқлаш ва даволаш соҳасида тиббиёт ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштиришнинг ягона методик вертикали шакллантирилади. Ушбу вазифаларни ҳал этиш учун Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказини ташкил этиш, шунингдек, минтақавий онкология диспансерларини унинг филиалларига айлантириш назарда тутилган.

Давлат раҳбари 2021 йил 18 май куни Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида бўлиб, у ерда онкологик касалликка чалинган беморлар билан суҳбатлашди. “Ниятни яхши қилинг, яхши ният албатта амалга ошади. Кучли бўлиб, ота-онангизни хурсанд қилиб, тузалиб кетсангиз менга ҳам катта бахт бўлади. Ҳеч нарсадан ўйланманг”, - деди Шавкат Мирзиёев онкология шифохонасидаги беморларга.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2021 йилгача онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорни имзолади. Мазкур қарорда онкологик касалликлар туфайли ўлимни пасайтириш ҳисобига аҳоли ҳаёти сифатини яхшилаш ва онкология хизматини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгиланган.

Экспертларнинг фикрича, қарор онкологик касалликларни илк босқичларда фаол аниқлашнинг замонавий усулларини жорий этиш, даволашнинг жаҳон стандартлари даражасига мувофиқ бўлган замонавий юқори технологик усулларидан фойдаланишни яхшилаш орқали саратон касалликларига қарши курашнинг янги босқичини бошлаб беради. Умуман олганда, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисига онкологик ёрдам беришни янада ривожлантириш тадбирларини амалга оширишга Ўзбекистон Республикаси бюджети маблағларидан 32,5 миллиард сўм ҳамда халқаро молия институтларининг кредит маблағлари ва грантлари ҳисобига 144,1 миллион АҚШ долларини йўналтириш назарда тутилган.

 

Р.РАУПОВ,

“Адолат” СДП Қашқадарё вилоят
Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+