“Ҳимоя ордерлари” аёлларни ҳимоя қила оляптими?

01.05.2021 10:05:24

“Аёл матонати дунёдаги барча тирик мавжудодларга ўрнак бўладиган кучдир” деб бежизга айтишмаган доно халқимиз. Бироқ аёл матонати нотўғри талқин қилиниб, зиммасидаги вазифалар  камайиши  ўрнига кундан кунга ортиб, турмуш ўртоғи, қайнонасидан жабр кўраётган аёлларимиз сони сўнгги кунларда ортиб бормоқда. “Аёл киши эридан бир поғона пастда бўлиши керак” - буни ёшлигимиздан оналаримиз, момоларимиздан эшитиб келганмиз. Албатта, улар фарзандларимизнинг отаси, бироқ бир поғона юқорида турувчилар аёлини қанча хўрласа, зулм қилса мумкин дегани эмас-ку.

Президентимиз “Жамиятда аёлларнинг муаммоси ҳал этилмас, улар оила ёки жамиятда ўз ўрнини топа олмас экан, ҳеч биримиз ўз вазифамизни тўлақонли бажармаган бўламиз” деб таъкидлаб ўтганлар. Зеро, ён атрофимизда, жамиятда ўз муаммолари қаршисида ёлғиз қолаётган аёлларимиз кўпчиликни ташкил қилади. Туман кенгаши депутати сифатида оила, турмуш муносабатлари доирасида келишмовчиликлар оқибатида ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни сақлаб қолиш мақсадида маҳалла фаоллари иштирокида муҳокама қилиб, бир қанча оилаларни яраштиришга, норасида болаларни  эса ярим етимликдан асраб қолишга муваффақ бўлдик. Ҳар бир фарзанд дунёга келар экан соғлом оилада бахтиёр яшаш ҳуқуқига тўлақонли эгадир.

Бироқ турмушнинг муштлари бўлганидек айрим хотин-қизларнинг тазйиқ ва зўравонликка учраши, уларга “ҳимоя ордери” ни беришни тақазо этади.

Жорий йилнинг март ойигача Навоий вилояти бўйича тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахслар 478 нафарни ташкил қилиб, 480 нафар тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизларимизга ҳимоя ордерлари берилган. Хатирчи туманимизда эса бу кўрсаткичлар, яъни тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахслар  31 нафарни ташкил қилиб, тазйиқ ва зўравонликка учраган 32 нафар хотин-қизлар аниқланиб, ҳимоя ордерлари берилди. Турмуш ўртоғи, қайнонаси, келини томонидан жисмоний, жинсий, иқтисодий, руҳий зўравонликка учраган хотин-қизларимиз давлат ҳимоясида эканлигини, улар жамиятимизда ўзининг ўрни мавжудлигини англаши учун ташкилотларда, маҳаллаларда хотин-қизлар билан учрашувлар ташкил қилиб боришимиз уларга хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисидаги Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 17 августда қабул қилинган, Сенат томонидан 2019 йил 23 августда маъқулланган 2019 йил 2 сентябрдаги ЎРҚ-562 сонли қонунлари ҳақида, улар учун мамлакатимизда гендер тенглигини таъминлашга катта эътибор қаратилаётганини, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” оилада уларга енгиллик яратиш мақсадида йўлга қўйилганлигини, ишбилармон, ҳунарманд аёллар учун берилаётган имтиёзли кредитлар ҳақида маълумотлар бериб борилиши лозимдир. Аёлларимизни қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, таълим олишини таъминлаш, умуман олганда, ҳаётини янада яхшилаш учун турли фармон, қарор, фармойишлар қабул қилиниб, уларнинг амалга оширилиши қатъий назоратга олинмоқда. Ҳозирги кунда давлат бошқарув органларида 2 минг нафарга яқин аёллар фаолият олиб бормоқда. Ушбу сон миқдорини ошириш бизнинг вазифамиз деб ўйлайман. Жамиятимизнинг ҳар бир аёли бахтли яшаши шарт! Аслида унинг бахтли яшаши учун моддий бойликнинг кераги йўқ, уларга меҳр, эътибор, оила ва жамият ардоғида бўлишининг ўзи кифоядир.

  

Ҳилола РЎЗИМУРОДОВА,

 Хатирчи туман кенгаши депутати,

ИИВ Навоий  академик лицей бўлим

бошлиғи 

                                                        

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+