Хиваликлар сифатсиз ва қалбакилаштирилган дори воситаларига қарши курашишди

20.11.2019 15:11:15

Мамалакатимизнинг барча жойларида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси билан долзарб мавзуларда халқ манфаати, аҳоли истакларини ўзида мужассам этган шиорлар асосида митинг, акция ва сайллар юртдошларимиз томонидан илиқ кутиб олинмоқда.

“Биз сифатсиз ва қалбакилаштирилган дори воситаларига қаршимиз” шиори остидаги тадбир ҳам кўтаринки руҳда ўтди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Хива шаҳар Кенгаши томонидан “Ичан қалъа” мажмуаси олдида бўлиб ўтган тадбирда партия фаоллари, депутатлар, кенг жамоатчилик вакиллари, шифокорлар, Хива тиббиёт коллежи ўқувчилари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда Хива шаҳрига чет элдан ташриф буюрган сайёҳлар иштирок этишди.

Тадбирнинг биринчи қисмидан ўрин олган митингда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби Замира Абдуллаева аҳолини сифатли дори-дармонлар билан ўз вақтида таъминлаш, қалбакилаштирилган дори воситалари сотувига чек қўйиш каби масалалар хусусида сўз юритди.

Таъкидланишича, Ўзбекистон “Адолат” СДП сайловолди дастурида аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсатишга эришишни энг устувор  вазифалардан бири сифатида илгари сурган. Шундан келиб чиқиб, бугунги кунда сифатли дори воситаларини қалбакилаштиришга қарши курашиш партия фаолларининг шиорига айланган. Партия томонидан бу борада олиб борилаётган ташвиқот мамлакатимизда соҳадаги муаммоларни бартараф этиш билан бир қаторда сайловчиларнинг ишончини қозонишда аҳамиятлидир.

Мафтуна Маъмутова, Хива тиббиёт коллежи ўқувчиси, тадбир иштирокчиси:

-Тадбирда бугунги кунда дорихоналардаги дори воситалари нархларини барқарорлаштириш, қалбаки дори воситаларини олдини олиш долзарб масала экани тўғрисидаги фикр ва мулоҳазалар ўртага ташлангани жуда ўринли бўлди. Биз бўлажак ҳамширалар ҳам бу шиорни бир овоздан қўллаб-қувватлаймиз. Бугун тенгдошларимиз билан “Адолат” партиясига аъзо бўлишни мақсад қилдик.

Партия фаолиятига оид лавҳалар, ғоявий чиқишлар, “Ёш адолатчилар” қаноти ва Аёллар қаноти вакиллари ўтказган викторина тадбир иштирокчиларига кўтаринкилик бағишлади.

Шарофиддин Отаев, тадбир иштирокчиси:

-“Адолат” СДПнинг сайли бўлаётганини эшитиб, қизим – биринчи гуруҳ ногирони Назирахоннинг кайфиятини кўтариш мақсадида тадбирга олиб келдим. Партия фаоллари қизимга кутганимдан ҳам ортиқ мурувват кўрсатишди, руҳлантиришди, совға-саломлар улашишди. Қувончимдан кўзларимга ёш олдим.

                                                                                                                                                                                                Дилмурод НОРМЕТОВ,

                                                                                                                Ўзбекистон “Адолат” СДП

                                                                   Хоразм вилоят Кенгаши туманлараро ижрочи котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+