Ҳокимлар бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгашларига раҳбарлик қилиши ҳақидаги норма чиқариб ташланяпти(ми?)

23.06.2022 18:06:35

2022 йил 23 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда фракция аъзолари томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қўламли ислохотлар “Инсон – жамият – давлат” деган тамойил асосида амалга оширилиб келинмоқда. Шунинг учун ҳам бундай инсонпарвар сиёсат халқимиз томонидан тўла қўллаб-қувватланмоқда. Шу билан бирга аҳолининг мамлакатимизда бўлаётган ислоҳотларнинг ижобий самарасига ишончи ортиб, юрт тақдирига даҳлдорлик ҳисси кучайиб бормоқда. Жумладан, кейинги йилларда юртдошларимиз томонидан қонунларимизни, Конституциямизни янада такомиллаштириш бўйича кўплаб фикр ва таклифлар билдирилди.

Мазкур қонун лойиҳаси асосан халқимиз томонидан билдирилган таклифлар асосида тайёрланган бўлиб, Конституциянинг барча бўлимларига туб ўзгартишлар киритиш кўзда тутилмоқда. Шунингдек сўнгги йилларда барча соҳада олиб борилаётган жадал ислоҳотларнинг бардавомийлигини таъминлайди.

Қонун лойиҳасида Ўзбекистон ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий демократик давлат эканлиги белгилаб қўйилмоқда. Шу билан бирга “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилиш, унга риоя этиш, уни ҳимоя қилиш ҳамда кафолатлаш жамият ва давлатнинг бурчи”, “инсон ва фуқаронинг ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади” эканлиги белгиланмоқда.

Муҳокамалар чоғида фракция аъзолари инсон ва фуқаронинг шахсий ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини кафолатлаш янада кучайтирилаётганини эътироф этишди. Шунингдек, депутатлар Ўзбекистон Республикасида ўлим жазосининг тақиқланаётгани, ушлаб туришга, ҳибсга олишга ва ҳибсда сақлашга ёки эркинликни бошқача тарзда чеклашга фақат суднинг қарорига биноан йўл қўйилиши, шахснинг судлаганлиги унинг қариндошлари учун ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас ва уларнинг ҳуқуқларини чекловчи ҳуқуқий оқибатларга йўл қўйилмаслиги конституциявий қонун лойиҳаси билан мустаҳкамланаётганини юқори баҳоладилар. Шунингдек, мазкур нормалар инсон қадр-қимматини, шаънини ҳимоя қилишга, ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ва мустаҳкам таъминлашга хизмат қилишини алоҳида таъкидладилар.

Йиғилишда ушбу қонун лойиҳасида фуқароларнинг малакали тиббий хизмат кўрсатилишига, соғлом табиий муҳитга бўлган ҳуқуқларини таъминлашнинг конституциявий механизмлари янада кучайтириш назарда тутилаётганлиги фракция аъзолари томонидан эътироф этилди. Бу албатта, инсон саломатлиги – миллат ҳаётининг давомийлигини таъминлашга, унинг генофондини сақлашга хизмат қилади.

Савол-жавобларга бой бўлган йиғилишда фракция аъзолари Конституцияга тузатишлар давлат ҳокимияти асосларини янада такомиллаштиришга, парламентнинг ваколатларини кучайтиришга, фуқароларнинг қонунчилик жараёнидаги фаол иштирокини таъминлашга қаратилган нормаларнинг акс этаётганини ҳам қайд этдилар.

Хусусан, лойиҳа билан ҳокимлар бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгашларига ҳам раҳбарлик қилиши ҳақидаги норма чиқариб ташланмоқда, халқ депутатлари Кенгашининг ва ҳокимларнинг ваколатлари алоҳида мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Бундан ташқари, парламентга коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги ҳар йилги миллий маърузани муҳокама қилиш ваколати берилмоқда.

Йиғилишда Конституциявий қонун лойиҳаси бир овоздан қўллаб-қувватланди ва унда белгиланаётган янги меъёр ва қоидалар мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилликка тушунтириш, тарғиб қилиш, фикр-мулоҳазалар ҳамда қўшимча таклифларни ўрганиш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.

Кун тартибидаги масала юзасидан фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+