Хонқалик азми шижоатли, партиядош устоз муаллим

31.10.2022 10:10:52

Аввал хабар берганимиздек, «Адолат» СДП Хоразм вилоят Кенгаши ҳамда Хоразм телерадиокомпанияси ҳамкорлигида партиямизнинг дастурий-ғоялари ва устувор вазифаларини ҳаётга татбиқ этиш ҳамда Янги Ўзбекистонимизни барпо этилишида муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган партиядошларимизнинг ибратли ҳаёти ва фаолияти тўғрисида лавҳалар тайёрланиб, эътироф ва намуна сифатида юртдошларимиз эътиборига ҳавола қилиниб келинмоқда.

Хусусан, партия Хоразм вилоят Кенгашининг «Эҳтиром» лойиҳаси доирасидаги галдаги мақсадимизни Хонқа туманидаги 36-сонли умум ўрта таълим мактабининг ўзбек тили ўқитувчиси, «Халқ таълими аълочиси» Гулнора Олимованинг фаолияти билан яқиндан танишдик.

Гулнора Олимова 1988 йил Хоразм давлат педагогика институтини муваффақиятли тамомлаб, 1988 йилдан буён Хонқа туманидаги 36-сон умум ўрта таълим мактабида ўзбек тили фани бўйича фаолиятини бошлаган. У қисқа давр ичида тажрибали устозларининг самимий кўмаги билан жамоа эътиборидан муносиб ўрин олди.

Ўқитувчилар оиласида дунёга келганим боис, ўқитувчилик касбига бўлган меҳрим тобора ортиб борди ва болаликдаги орзуларим рўёбга чиқди, - дейди қаҳрамонимиз. – Иш фаолиятимни илк кунлари ҳеч ҳам эсимдан чиқмайди. Жамоам мени ҳурмат билан кутиб олди ва ҳар томонлама жамоага сингиб кетишим учун шароитлар яратиб берилди. Айниқса, устозларим Ибрагим Нурметов, Роза Ибрагимоваларнинг мени қўллаб-қувватлаб берган насиҳатлари ҳеч ҳам эсимдан чиқмайди. Улар билдирган ишонч мени ўз касбимга бўлган меҳримни янада ошириб юборди.

Ушбу мактабда фаолиятимни бошлаганимга 7 йилдан ошди,– дейди Дилноза Қиличева. – Касбимни пухта эгаллаб олишимда ва катта тажрибага эга бўлишимда ҳамда бир қатор ютуқларга эришишимда Гулнора Олимованинг ҳиссалари жуда кўп бўлган. Ўқувчиларга замон талаблари асосида таълим-тарбия бериш методикасини қунт билан ўрганишимда, ўқувчилик пайтимда фан олимпиадаларнинг республика босқичида фахрли ўринларга эришишимда меҳнатларини аямаганлар. Устознинг мен каби қанчадан-қанча шогирдларни тайёрлаб билим кўникмаларини бойитишда, оила ва жамиятда ўз ўрнига эга бўлишда хизматлари жуда катта бўлган. Интилганга толе ёр дейишади. Устозга ўхшашни ният қилгандим, етдим. Устозимиздан миннатдормиз.

Г.Олимованинг ўқувчилар билан дарс ўтказиш жараёнини кузатар эканмиз, унинг кўзларидаги, юзларидаги касбий маҳорат ва меҳрни дилдан туйган бўлсак, юраги тўла азму шижоатини кўриб ҳавасимиз келди. Бир-биридан зукко, билимга чанқоқ болажонлар муаллимни худди опаларидек, оналаридек бемалол, юқори иштиёқ билан дарсни бошлаганини, дарс якунланганидан сўнг ҳам қаҳрамонимиз билимга чанқоқ ўқувчиларнинг қуршовида бир оз муддат қолиб кетганини кўриб, уни ўз касбининг жонкуяри эканига яна бир бор амин бўлдик.

Мактаб жамоасининг қайси бир аъзоси билан суҳбатлашмайлик, муаллим опа тўғрисида тўлқинланиб гапиришди. Кимдир унга ўхшагиси келса, кимдир уни фаолиятда ҳам ҳаётда ҳам йўлчи-юлдуз сифатида таърифлади.

Хизмат сафаримиз қаҳрамонимизни оиласи тўғрисидаги суҳбатимиз билан давом этди ва унинг хонадонига ташриф буюрдик.

Шинам, саранжом-саришта, боғ-роғлари кўкаламзорлиги билан бу хонадон ижодий гуруҳимизни эътиборини тортди. Бир-биридан гўзал ва меҳрибон қизлар чиройли табассум билан бизни қарши олди.

Хонадонда ўстирилаётган турфа гуллар, оила осойишталигига кўрк бағишлаётгандек, эди гўё.

Қаҳрамонимизни умр йўллари тўғрисида суҳбатга тортганимизда, у зиёли оилага келин бўлиб тушгани, уларнинг меҳри билан жамиятда ўз ўрнини топиб, юртимиз корига ярайдиган, комил фарзандларни тарбиялаб ҳозирги кунда уларнинг камолидан баҳраманд бўлишаётганини фахр билан гапирди.

Оилада тўртта қизмиз дейди, - Индира Қаландарова. – Онажонимиз биз фарзандларига доим, эътиборли бўлган. Ҳар доим, кийинишимизга, ён-атрофдагилар билан муомаламизга, ҳатто опа-сингилларнинг бир-биримиз билан суҳбатлашиш маданиятимизга чуқур эътиборда бўлганлар. Айниқса, уй-рўзғор ишларини пухта эгаллаб олишимизни жуда талабчанлик билан назорат қилганлар. Шунинг учун ҳам айни вақтда опа-сингилларим келин бўлган хонадонларда тинч-тотув яшаяпмиз. Сингилларим турли соҳаларда ишлаб ҳам олийгоҳларда ўқишяпти. Мен онамдек муаллим бўлишни жуда орзу қилганман ва онам изидан бориб, ёшларга таълим беряпман. Онажонимдан миннатдормиз.

Яна қаҳрамонимизга юзланар эканмиз, унинг Муҳтарам Президентимиз томонидан соҳага ва соҳа ходимларига қаратилган эътибор ва берилаётган имкониятлар ёшлар учун ҳам имконият эшикларини очгани, олдимизда ёшларни билимларини янада мустаҳкамлаш учун улкан вазифаларни белгилаб олингани, айниқса, 21 октябрь - ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 33 йил тўлиши муносабати билан «Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирлангани, бу эътибор унга янада куч бағишлагани ва зиммасига янада масъулият юклагани тўғрисидаги бир қатор ютуқ ва режалари диққатимизни тортди.

Шунингдек, Г.Алимованинг партиянинг ривожи учун партия етакчилари билан елкама-елка туриб меҳнат қилаётганини ҳам эътироф этиш жоиз. У партия туман Кенгашининг тадбир ва бошқа тарғибот-ташвиқот ишларида доим фаоллик билан ёндашади. Қонунчиликка доир халқчил ва ҳаётий фикрлари, таклифлари билан доим партия фаоллари билан хабарлашиб келаётгани, унинг сиёсатчи аёл сифатида ҳам қайд этиш жоиздир.

Бир сўз билан айтганда, ёниқ юракли муаллимнинг ярим кунлик фаолиятига ҳамроҳ бўлар эканмиз, ўқитувчилик заҳматли ва шарафли касб эканига ҳамда Гулнора Олимовадек, азму шижоатли устоз ва муаллимлар юрт хизматида экан, Янги Ўзбекистонимизни баркамол ёшлар билан барпо этишга яна бир карра ишонч ҳосил қилдик ва ижодий сафаримизни бир олам таассуротлар билан якунлаб, галдаги хизмат сафарига йўл олдик.

Замира АБДУЛЛАЕВА,
«Адолат» СДП Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+