Хоразмда бемор болажонларга беғараз донорлик ёрдами кўрсатувчилар сони ортиб бормоқда

05.12.2022 11:12:31

«Адолат» социал-демократик партияси ташаббуси билан ҳар йили анъанага айланиб келаётган «Бор меҳримиз сенга, болажон!» беғараз донорлик акцияси, бемор болажонларни соғлом ҳаётга қайтаришда ҳамда уларни жамиятда муносиб ўринларини топишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

3 декабрь - «Халқаро ногиронлар куни» муносабати билан жорий йилнинг барча ҳудудлари қаторида Хоразм вилоят Қон қуйиш марказида кўплаб кўнгилли юртдошларимиз иштирокидаги беғараз донорлик акцияси ҳар қачонгидан ҳам фаоллик билан ташкил этилди.

Акцияга, партия фаоллари, депутатлари, ҳамкор ташкилотлардан донорлик қилувчи вакиллар ва кўнгиллилар, ОАВ ҳамда блогерлар иштирок этишди.

Умрбек Жуманов, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Хоразм вилоят бўлими навбатчи диспетчери, донорлик акцияси иштирокчиси:

- Ҳар йили партия ташаббуси билан ташкил этилиб келинаётган донорлик акцияси ҳамюртларимиз қатори ташкилотимиз томонидан ҳам илиқ кутиб олинади. Бугун бўлиб ўтаётган акциянинг фаол иштирокчиси бўлдик. Хайрия тадбирига муносиб ҳисса қўшиш мақсадида 50 нафардан зиёд жамоамиз аъзолари қон қуйиш марказига келдик ва қон топширдик. Биз ҳам болажонларимизнинг соғлом ҳаётга қайтаришда ҳиссамиз борлигидан хурсандмиз.

Акция давомида топширилган қон воситалари тўғрисидаги ҳужжатлар вилоят Кўп тармоқли болалар шифохонаси «Гематология» бўлимида даволанаётган бемор болажонларга тақдим этилди.

Интизор Дурдиева, бемор болажон Суннатилло Жуманазровнинг онаси:

– Фарзанд касал бўлса, ота-она учун ундан оғири бўлмас экан. Беш йил бўлди болам учун ҳар ойда қон олишга мажбур бўламиз. Моддий томондан қийинчиликларга дуч ҳам келиб қоламиз. Бугун ҳам қон масаласи ўйлантириб турган эди, партия фаоллари касалхонада деваланаётган болажонлар учун беғараз донорлик қилганини эшитиб, жуда хурсанд бўлдим. Менинг фарзандимни ҳам қон воситаси билан таъминлашди. Партия фаолларидан, беғараз донорлик қилган юртдошларимиздан миннатдормиз.

Бир сўз билан айтганда, партиямиз фаолларининг бу каби саъй ҳаракатлари, фарзандларимизни соғлом, бақувват ва баркамол бўлиб вояга етишларида ҳамда инсонлар қадрини улуғлашда хизмат қилиши билан қувонарлидир.

Воҳада донорлик акцияси қизғин паллада.

 

Замира АБДУЛЛАЕВА, «Адолат» СДП Хоразм вилоят Кенгаши

Матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+