Хоразмда мурожаатлар билан ишлашнинг янги тизими йўлга қўйилди

29.07.2021 10:07:18

Давлатимиз  раҳбарининг ташаббуси билан жорий йилнинг 23 июль куни “Фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш тизимини ташкил қилишни янгича  чора-тадбирлари тўғрисида”ги видеоселекторда сўзлаган нутқи ва тавсияларига  асосан,   Ўзбекистон "Адолат" СДП  Хоразм вилоят ва Хонқа туман Кенгаши депутатлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг  Хоразм вилояти Хонқа туманидаги Халқ қабулхонаси бўлими  ҳамкорлигида фуқароларнинг мурожаатлари эшитилди.

Жумладан, “Катта жирмиз” қишлоғи “Катта куч” маҳалласида яшовчи Инобат Аллаберганова, уй-жойининг қурилиши учун моддий томондан қийналаётгани,  иш сўраб ҳамда  алимент тўловини ундира олмаётгани тўғрисидаги мурожаати жойнинг ўзида ижобий ҳал этилди. Мурожаатчи тикувчилик бўйича туман банлик бўлими билан келишилиб, 3 ойлик курсга қабул қилинди ва бепул ўқийдиган, алимент масаласи эса туман прокуратураси томонидан ундириб олинадиган бўлди. Уй-жойини таъмирлаш учун ҳомийларни жалб қилиб моддий кўмак берилиши режалаштирилди.

Инобат Аллаберганова, мурожаатчи:

 –  Бугун қабулхонага келганимдан жуда хурсанд бўлдим. Бир неча муаммомни бирданига ҳал қилиб беришди. Шу кунларда яшаш шароитим жуда қийинлашиб бораётган эди. Эндиликда яшаш шароитимини  ўнглаб олишимга ишончим комил. Фаолларга раҳмат.

“Қарамози” маҳалласида яшовчи Қудрат Эгамбердиев фарзандининг 2-ёшгача нафақа пули масаласидаги муаммо юзасидан эътироз билдирди. Бу масала ҳам ишчи гуруҳ томонидан ўрганилиб, қонун доирасида ҳал этиладиган бўлди.

“Фидойилар” маҳалласида яшовчи Фаҳриддин Тожиев ҳозирги кунда туман ободонлаштириш  бошқармасида ишлаётганлиги, ўғли болаликдан 1-гуруҳ ногиронлиги сабаб кун бўйи ишлаш имкони йўқлиги бу боис, бошқа ишларга жалб қилмасдан фақат уйи яқинида  жойлашган қабристонни  ободонлаштиришга жалб қилинишини сўраб мурожаат этди. Ишчи гуруҳ мурожаатчининг оилавий шароитини ўрганди ва  туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи билан келишилиб,  мурожаат қаноатлантирилди.

Шунингдек, “Гулистон” маҳалласида яшовчи бир гуруҳ маҳалла фаҳрийларининг баён этишича, маҳалла 12 йилдан буён газ манбасидан узиб қўйилгани боис, маҳалла аҳолиси  газ муаммосидан  азият чекиб келмоқда. Айниқса маҳаллада жойлашган   2-сон МТТ тарбияланувчиларига   қишнинг совуқ кунлари жуда қийин бўлмоқда.

Ишчи гуруҳ бу масала юзасидан ўрганиш ишларини олиб бориб, тегишли ташкилотларга депутатлик сўровлари орқали мурожаат этишни билдирди.

Замира Маткаримова, Ўзбекистон Республикаси Президентининг  Хоразм вилояти Хонқа туманидаги Халқ қабулхонаси бўлими бошлиғи:

-Бугунги қабул кунимиз ҳар қачонгидан ҳам самарали бўлиб ўтди. Чунки, Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят ҳамда туман Кенгаши депутатлари бирлашиб, ҳамжиҳатликда фуқароларнинг мурожаатларида акс этган муаммоларини тезкор ва самарали бартараф этишга эришдик. Якдиллик билан ҳамкорликни  янада мустаҳкамлашга келишиб олдик.

Бир сўз билан айтганда, туман Халқ қабулхонасида  кечган бир кунлик жараённи гувоҳи бўлиб, ҳақиқатан ҳам фуқароларнинг қийнаб келаётган муаммоларини ечимини топиш жуда машаққатли ва шарафли эканини яна бир бор ҳис этдик. 

Ўз дарду-ташвишлари билан навбат кутаётган хонқалик  юртдошларимизнинг дил сўзларини эшитар эканмиз, уларнинг   Халқ қабулхонаси  туман бўлими бошлиғи З.Маткаримова ҳамда депутатларга  чуқур миннатдорлик билдириб, юрт фаровонлиги йўлида чарчамасликларига тилак билдиришди. Давлатимиз томонидан фуқароларнинг  турмуш шароитини яхшилашга қаратилган саъй-ҳаракатларини эътироф этишди.

Ижодий гуруҳимиз ҳам ушбуларни дилдан ҳис этиб, галдаги ҳизмат   манзилимиз томон йўл олдик.                                                                        

                                                                                                 Замира АБДУЛЛАЕВ,

                                                                                         Ўзбекистон “Адолат”  СДП

                                                                  Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

 

  

     

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+