Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш устувор вазифа

02.08.2022 10:08:43

Мамлакатда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, соғлиғини сақлаш, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан биридир.

Ўзбекистон «Адолат» СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши томонидан Таллимаржон МФЙ тадбиргоҳида «Хотин-қизларни тадбиркорлик ва ишбилармонликка жалб этишда касбий таълимнинг аҳамияти» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда Қарши шаҳар оила ва хотин-қизлар бўлими, ҳамкор ташкилотлар ва маҳаллий кенгаш депутатлари, тадбиркор аёллар , оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Қайд этилганидек, сўнгги уч йилда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ўз бизнесини ташкил этиш ва юритиш кўникмаларини шакллантириш, бизнес ғояларини тайёрлашда консультатив ёрдам бериш, ишбилармонлик ташаббусларини янада қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Шу билан бирга фидоий, ишбилармон аёлларга ўз бизнесини ташкил этишда зарур маслаҳатлар бериш ва амалий ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Аҳамиятлиси, бу хайрли ишларга «Адолат» СДП фаоллари ва Аёллар Кенгаши ҳам жиддий бел боғлаган. Бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолияти, айниқса, ҳунармандчилик, касаначилик йўналишидаги оилавий тадбиркорлигини ривожлантиришга алоҳида аҳамият бермоқда. Тадбиркор аёлларни эркин самарали фаолият юритишлари учун қулай имконият ва имтиёзлар яратишда ҳуқуқий маслаҳатлар бериб келиняпти.

- Тадбиркорлик — аҳоли бандлигининг гарови,- деди тадбирда партия фаоли вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бош мутахассиси Гулшан Каримова .- Йил бошидан буён партия фаоллари билан ҳамкорликда 130 нафардан ортиқ хотин-қизларни иш билан таъминланишига эришдик. 100 нафардан ортиқ аёлларга банклардан кредит олишларига кўмаклашиб ўз бизнесларини йўлга қўйиб олишларига ёрдам бердик. Бундан ташқари 1800 нафардан ортиқ хотин-қизларга зарур ҳуқуқий тушунчалар берилди.Биз кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни иш ўринларини яратувчи генератор сифатида қўллаб-қувватланиши тарафдоримиз! Иш ўринлари захирасини яратиш, аҳоли, шу жумладан, хотин-қизларни ишга жойлаштиришда янги самарали усуллардан фойдаланиш, уларни ишбилармонлик фаолиятига кенг жалб қилишга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Биз реал иш ҳақининг барқарор равишда ўсишига кўмаклашувчи солиқ сиёсати амалга оширилиши тарафдоримиз.

Тадбирда юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли айниқса, хотин-қизларни тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари учун кенг шароитлар яратиш, касбга йўналтириш ва бандлигини таъминлаш сира кечиктириб бўлмайдиган вазифа эканлиги қайд этилди. Шундан келиб чиққан ҳолда партия Аёллар Кенгаши томонидан жорий йилнинг ўтган даври давомида «Ҳар бир оила – тадбиркор» Дастури доирасида «Томорқа – даромад манбаи», «Намунали томорқачи» мавзуларида 250 дан ортиқ маҳорат дарслари ўтказилгани, бунинг натижасида кўп сонли хотин-қизларимизнинг бандлиги таъминлангани эътироф этилди.

Тадбирда хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, меҳнат ва яшаш шароитларини яхшилаш, аёлларни айниқса, қишлоқ жойлардаги ёш қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этишда давом этиши айтиб ўтилди. Хотин-қизларга меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича билим ва кўникмаларини эгаллашларига кўмаклашиш зарурлиги айтилди.

Тадбир сўнггида кун тартибидаги масалалар юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Ўзбекистон «Адолат» СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши

матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+