Хотин-қизлар бизнесини ривожлантириш- долзарб вазифа

20.06.2024 19:06:14

Мамлакатимиз Президентининг жорий йил 7 март кунги «Хотин-қизларнинг тадбиркорлигини йўлга қўйиш ва ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги № 122-сонли қарори эълон қилинди.

Қувасой шаҳрида тадбиркорлар ва тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагидаги хотин-қизлар иштирокида мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти билан батафсил таништириш ҳамда ижросини таъминлаш мақсадида «Аёллар бизнесини қўллаб-қувватлаш» мавзусида мулоқот-учрашуви ўтказилди.

-Хотин-қизларни касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш учун «Тикланиш ва тараққиёт» жамғармаси ҳисобидан 2 йиллик имтиёзли давр билан 5 йил муддатга йиллик 14% ставкада жами 100 млн. АҚШ доллари эквивалентида кредит ресурслари ажратилиши кўзда тутилган, — деди халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, вилоят «Тадбиркор аёл» уюшмаси раиси Дилоромхон Меҳмонова. – Савдо-саноат палатаси, Халқ банки, Бизнесни ривожлантириш банки ва Микрокредитбанк билан ҳамкорликда ташаббускор хотин-қизларнинг бизнес лойиҳаларини ишлаб чиқишга кўмаклашиш, маҳаллаларда хотин-қизларни тадбиркорликка ўқитиш, улар томонидан тайёрланган маҳсулотларни сотиш каби муҳим вазифаларда кўмакчи бўлади.

Ҳар бир хотин-қизлар ҳукуматимиз томонидан берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиш, шунингдек, даромад топишга қаратилган муайян меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ва фаолият турини кенгайтириш истагини билдирган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш дастурларига кўра, шахсий бизнесини яратиш ва уни ривожлантириши мақсадга мувофиқдир.

«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимига, «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ва «Темир дафтар»га киритилган хотин-қизлар учун эса, биринчи навбатда зарур кўмак ва маслаҳатлар бериб борилади. Муҳими, рўзғорини бекам-кўст қилишга ўзини ҳиссасини қўшиш истагидаги аёл ва қизларга берилаётган бугунги имкониятлар эртага янги иш ўринларини яратишга, миллий маҳсулотларимизни жаҳон бозорида рақобатбардош маҳсулотлар сифатида ўрин олишига эришишдир.

Баҳс-мунозараларга бой кечган учрашувда иштирокчиларнинг саволларига соҳа мутасаддилари томонидан атрофлича жавоблар берилди.

Гулчеҳра Аҳмедова
«Адолат» СДП
Фарғона вилоят Кенгаши
матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+