Хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга барчамиз масъулмиз

11.01.2024 17:01:08

Дунё ҳамжамияти томонидан охирги чорак аср мобайнида муҳим ва долзарб масалалардан бири — хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш ва гендер тенглигига эришиш борасида салмоқли тажрибага эришилди, десак муболаға бўлмайди.
Қайд этиш жоизки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1999 йил 17 декабрдаги резолюцияси билан 25 ноябрь – Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни сифатида белгиланган.
Афсуски, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, аёллар ва қизларга нисбатан зўравонлик дунёдаги энг кенг тарқалган инсон ҳуқуқлари бузилиши сифатида намоён бўлмоқда. Статистик маълумотларга қараганда, дунё миқёсида тахминан 736 миллион аёл-қиз — деярли, ҳар учдан бири ҳаётида камида бир марта турли даражадаги зўравонликка дучор бўлади.
Шу муносабат билан ҳар йили дунё миқёсида 25 ноябрдан 10 декабргача “Зўравонликка қарши 16 кун” фаол ҳаракатлар доирасида турли тадбирлар ўтказилади.
Мамлакатимиз мустақилликка эришган илк кунлардан эътиборан ҳозирги давргача ушбу масалада Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан 20 дан ортиқ Қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинган. Жумладан, “Аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ва “Аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунларнинг ва бошқа долзарб норматив ҳужжатларнинг қабул қилинганлиги мазкур йўналишда муҳим қадамлар бўлганлигини кўриш мумкин.
Бу борада Ўзбекистон оиладаги зўравонликни қонунга алоҳида жиноят сифатида киритган Шарқий Европа ва Марказий Осиёдаги Грузия, Қирғизистон, Молдова ва Украинадан кейин 5-давлатга айлангани халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилаётгани ҳам бежиз эмас.
Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг мамлакат ва жамият ҳаёти ҳамда оиладаги мавқейини мустаҳкамлаш масалаларига том маънода давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида қараб келинади. Жумладан, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, бу бўйича давлат сиёсатини самарали амалга ошириш мақсадида энг қуйи бўғин – маҳалла ва хонадонгача кириб борадиган вертикал тизим яратилганлигини алоҳида қайд этиб ўтиш лозим.
Мазкур муҳим ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилиниши ва кўрилаётган тизимли чора-тадбирларга қарамасдан, афсуски, сўнги вақтларда жамиятимизда аёлларга нисбатан зўравонликнинг турли шакллари учраб турганлигига гувоҳ бўляпмиз.
Биргина мисол, шу кунларда ижтимоий тармоқларда вояга етмаган қизнинг унаштирув маросими акс этган видеолавҳа жамоатчилигимизнинг кенг муҳокамалари ва ҳақли эътирозларига сабаб бўлди.
Қизнинг яқинлари тасвирлардаги ҳолат аслида фарзандининг туғилган куни муносабати билан ташкиллаштирилганини хитоб қилсаларда, мазкур лавҳаларда чинакам унаштирув маросими бўлаётганлигини яққол сезиш қийин эмас.
Афсуски, бундай салбий воқеалар охирги вақтларда тез-тез учраб турибди. Шу ўринда бир ҳақли савол туғилади, биз бу каби ҳолатларда кимни алдаяпмиз? Ота-оналар гулдек, ёш қизини жувонмарг қилиб, эрта бахтсизлигига сабаб бўлаётганлигини наҳотки, англашмаяпти? Ёки бу ерда мавжуд муаммонинг яшириниб ётган бошқа омиллари ҳам борми?
Куни кеча Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси билан ташкиллаштирилган “Ўзбекистон” телеканалининг “Муносабат” кўрсатувида ҳам мана шундай жамиятимизда учраб турган долзарб муаммолар қизғин муҳокама қилиниб, уларнинг туб илдизи қаерда эканлиги ҳамда уларга ечимлар борасида партия вакиллари ва масъуллар иштирокида ўзаро фикр-мулоҳазалар, таклифлар ўртага ташланди.
Маълумки, партиямиз томонидан жамиятнинг ижтимоий–сиёсий ҳаётида хотин-қизлар фаоллиги ва ролини ошириш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш, аёлларни пассив кузатувчи эмас, балки мамлакатда рўй бераётган демократик ўзгаришларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчисига айлантириш мақсадида қатор лойиҳалар амалга оширилиб, Сайловолди дастуримизда муҳим ташаббуслар илгари суриб келинмоқда.
Ушбу масалада партиямизнинг муҳим ташаббусларининг бири — “Адолатли қайнона” Республика кўрик-танлови ҳар йили мамлакатимиз ҳудудлари бўйлаб кенг кўламда анъанавий тарзда ўтказиб келинади.
Сир эмаски, жамиятимизда қайнона ва келин муносабатлари долзарб жиҳатлардан бири бўлиб келган. Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, баъзи бир оилаларда қайнона ва келин келишмовчиликлари ҳақидаги гаплар қулоққа чалиниб қолади. Бунга сабаб – оилаларимизда шарқона қадриятлардан ва ахлоқлардан бехабарлик десак, муболаға бўлмайди.
Партия лойиҳасининг аҳамияти шундаки, аҳиллик ва ўзаро ҳурмат муҳитини ярата олган аёлларни аниқлаш, уларнинг тажрибасидан ёш оилаларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ҳамда хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида маҳаллаларнинг ўзида ҳал этиш имконини бермоқда.
Умуман олганда, хотин-қизлар масаласида бугун Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан ҳаётий ва асосли ғояларга таянган ҳолда кўплаб ташаббуслар, таклифлар илгари сурилиб, истиқболли лойиҳалар амалиётга самарали татбиқ этилмоқда. Бу борада партия салмоқли тажриба, катта салоҳиятга эришганлиги ва масъул ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликка доимо шайлигини қайд этиш лозим.
Қолаверса, айни даврда ёшларимиз тарбияни, кўникмаларни ижтимоий тармоқлардан олаётганлиги, китоб мутолааси камайиб кетаётгани, оилада бобожонлар, бувижонларнинг ўрни кўринмаётгани ҳам мавжуд муаммоларни юзага келишида муҳим омиллардандир.
Ўз ўрнида масъул ташкилотлар ушбу йўналишдаги фаолиятини тўғри ва самарали йўлга қўйса, муаммоларга ечим топишда ўзаро ҳамкорликда ишланса ва албатта, жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси юрт ривожига дахлдорлик билан масъулиятини ҳис қила олса, юқоридаги каби иллатларни таг-томири билан қуритишга барча имкониятларимиз ва шароитларимиз етарли.
Шу билан биргаликда, мамлакатимизда хотин-қизларга нисбатан зўравонликни камайтириш учун, энг аввало, аёл-қизларимиз муаммоларига, уларни қийнаб келаётган масалаларга, ҳақ-ҳуқуқларининг тўлақонли таъминланишига бефарқ бўлмай, жиддий эътибор қаратишимиз, қонун устуворлигини ҳамда жазо муқаррарлигини таъминлашимиз зарур.

Шерзодхон Исламов,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши
Марказий аппарати бош мутахассиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+