Хотин-қизлар ҳуқуқлари қонун ҳимоясида

07.10.2022 09:10:59

Ўзбекистон «Адолат» СДП Шеробод туман Кенгаши томонидан тумандаги 27-сонли умумтаълим мактабида «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш муҳим вазифа» мавзусида ўқувчи ёшлар иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда партиянинг туман Кенгаши ва Аёллар қаноти Кенгаши вакиллари, депутатлар, туман Адлия бўлими вакиллари, ИИБ ходимлари, мактаб педагог–ўқитувчилари ва юқори синф ўқувчилари иштирок этишди.

Тадбирда сўзга чиққанлар «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳамда Президентимизнинг 2019 йил 7 мартдаги «Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ва ушбу йўналишда олиб борилаётган ишлар юзасидан тушунчалар беришди.

Маърузачилар томонидан мамлакатимизда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, шунингдек гендер тенгликни таъминлаш, аёлларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётдаги ролини ошириш ишлари бир неча йўналишларда, хусусан, аёллар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини, аёлларни ҳимоя қилишнинг институционал асосларини такомиллаштирилаётганлиги алоҳида қайд этилди. Аҳолининг гендер тенглик ва аёллар ҳуқуқлари тўғрисида хабардорлигини ошириш, ҳуқуқни қўллаш амалиётида уларга риоя этилишини таъминлаш учун масъул мансабдор шахсларни тегишли ҳуқуқий меъёрлар асосида ўқитиш бўйича олиб борилаётганлиги алоҳида таъкидланди.

Мурод Бўронов, туман Ички ишлар бўлими инспектори, тадбир иштирокчиси:

- Таъкидлаш керакки, Қонуннинг мақсади хотин-қизларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ҳамда бошқа жойларда тазйиқлар ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга қаратилган. Ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солиш, шунингдек, тазйиқлар ва зўравонликдан жабрланганларни ҳуқуқий ҳамда ижтимоий ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш ҳам қонуннинг муҳим мақсадларидан ҳисобланади. Яна айтиш жоизки, Қонуннинг қабул қилиниши давлат бошқарувида аёлларнинг эркаклар билан тенг шароитда иштирок этишини, айниқса, раҳбарлик лавозимларида ҳам ишлаши мумкинлигини кафолатлайди. Шунингдек, қонунда ҳокимият вакиллик органларига сайловларда ҳам сиёсий партиялар томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Кенгашлари депутатлигига номзодлар кўрсатишда хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги таъминланиши белгилаб қўйилди.

Тадбир сўнгида иштирокчилар томонидан таклифлар билдирилди ва ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоблар олишди.

Манзура Улуғбердиева,

Ўзбекистон «Адолат» СДП Шеробод туман «Аёллар қаноти» Кенгаши фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+