Хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш – давр талаби

30.08.2022 17:08:05

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ўз имкониятларини тўлақонли рўёбга чиқариш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар учун зарур шарт-шароитларни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Ўзбекистон «Адолат» СДП томонидан хотин-қизларнинг жамиятдаги сиёсий фаоллигини янада ошириш ва ижтимоий ҳимоясини кучайтириш бўйича кенг миқёсдаги ислоҳотларни амалга ошириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Бугун ҳам хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг сиёсий фаоллигини янада ошириш мақсадида партиянинг Жиззах вилоят Кенгаши томонидан Жиззах шаҳридаги «Олмазор» маҳалла фуқаролар йиғини биносида «Хотин-қизлар фаоллиги-жамият ривожининг муҳим омили» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирда партиянинг вилоят Кенгаши ходимлари, “Regional dialogue” халқаро ННТ лойиҳа менежери, юрист-психолог Сайёра Соатова, Ўзбекистон Иқтисодиёт Ассамблеясининг Германиядаги бизнес вакили Нигора Исроилова, Халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгаш депутати Офтобой Нишонова, партиянинг вилоят Кенгаши «Аёллар қаноти» фаоллари, «Олмазор «МФЙ фаол хотин-қизлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди. Тадбирни Халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгаши депутати Офтобой Нишонова очиб берар экан, мамлакатимизда барча соҳаларда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ўз салоҳиятларини тўлақонли юзага чиқариш учун кенг имкониятлар яратиб беришга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлаб ўтди. Бунинг натижаси ўлароқ бугунги кунда хотин-қизларнинг жамиятдаги ижтимоий мавқейи кўп жиҳатдан ўзгариб, уларнинг давлат бошқаруви органларида, вазирлик ва идораларда, таълим, соғлиқни сақлаш, тадбиркорлик соҳаларидаги иштироки кучайди. – Ўзбекистон аёллари давлат ва жамият ҳаётида фаол иштирок этмоқда, уларнинг оиладаги мавқейи мустаҳкамланмоқда, – дейди “Regional dialogue” халқаро ННТ лойиҳа менежери, юрист-психолог Сайёра Соатова. Давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган ижтимоий йўналтирилган сиёсат хотин-қизларимизга чинакам бахтли яшаши учун, уларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларни таъминлаш, интеллектуал ва маънавий юксалиши, касбий ҳамда оилавий мажбуриятларни ҳамоҳанг тарзда бажариши учун зарур имкониятлар яратилаётир. Бундай эркин фаолият мамлакатимизда хотин-қизлар учун яратилган шарт-шароитлар туфайлидир. Бинобарин, мазкур давра суҳбатидан ҳам узоқ йиллар давомида тўпланган хотин-қизлар ҳаётидаги тажрибалар, эришилган ютуқлар билан бир қаторда бугунги кунда хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасидаги мавжуд масалалар юзасидан фикр алмашиш мақсад қилиб қўйилган. Тадбир якунида аёлларга мутахассисилар томонидан психологик маслаҳатлар берилиб, психологик тест ўтказилди. Фаолларга партиянинг ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

 “Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+