Хотин-қизлар камситилишига барҳам берайлик!

05.10.2022 11:10:29

Нишон тумани ҳокимлиги тадбиргоҳида Ўзбекистон «Адолат» СДП Нишон туман Кенгаши ва ҳамкор ташкилотлар иштирокида партиянинг «Бир адолатчи-юз аёлга ҳимоячи» лойиҳаси доирасида «Янги Ўзбекистонда гендер тенглик масалаларига янгича ёндашув» мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Унда маҳаллий Кенгаш депутатлари, ёшлар, хотин-қизлар ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.

Кун тартибидаги масала юзасидан Аёллар Кенгаши фаоли Ораста Тошева маъруза қилди.

- Гендер тенгликни таъминлаш, аёлларимизни қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг қамровли ислоҳотларни ҳамда истиқболимиз эгалари ҳаётидаги ўзгариш ва янгиланишларни кенг тарғиб этиш, соҳага доир давлат дастурлари ижросига кўмаклашиш, ёшларнинг сиёсий, ҳуқуқий онгини ўстириш орқали хотин-қизларга нисбатан камситишларнинг ҳар қандай шаклига барҳам бериш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан биридир,— деди Ораста Тошева.

- Дарвоқе, гендер тенглик — жамиятда ҳуқуқ устуворлигини таъминлашга ва аёллар камситилишининг олдини олишга хизмат қиладиган муҳим механизм,-деди тадбирда халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгаши депутати Муҳаббат Шаропова.- Шуни алоҳида қайд этмоқчиманки, ҳаётда ҳеч кимнинг, у эркакми, аёлми, ҳуқуқи камситилмаслиги ёки топталмаслиги лозим. Аммо минг афсуслар бўлсинки шу кеча кундузда вилоятимизда ҳам ҳуқуқи бузилаётган шахслар, айниқса хотин-қизлар, опа-сингилларимиз учраб туради. Биз фаоллар уларни ҳар қандай шароитда ҳам ҳимоя қилишимиз, жамиятдаги мавқейини оширишимиз керак. Айтмоқчиманки, гендер тенглиги таъминланиши керак бўлган хотин-қизлар биз адолатчи аёлларга мурожаат қилиши мумкин. Шундай шароитда биз тегишли органларни хабардор қилиб, зудлик билан уларга ёрдам бериш чораларини кўрамиз. Зеро, қийин вазиятга тушиб қолган фуқарога ёрдам қўлини чўзиш муқаддас ҳадислармизда ҳам алоҳида қайд этиб ўтилган. Шундай хотин-қизларимиз ҳам борки, қаерга мурожаат қилишни билмайди, билса ҳам бунга журъат эта олмайди. Биз адолатчи аёллар доимо ҳушёр бўлиб, уларга ёрдам беришимиз шарт.

Тадбирда маърузачилар томонидан Ўзбекистонда «Гендер-мадад» ҳуқуқий маслаҳат платформаси ишга туширилгани хусусида ҳам айтиб ўтилди. Шунингдек, аёлларга нисбатан ҳар қандай зўравонлик илдизини биргаликда қуритиш ҳақида келишиб олинди. Иштирокчиларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Тадбир якунида амалга оширилиши зарур бўлган аниқ вазифалар белгилаб олинди.

                                                                             Шахло Турсунова,

                                “Адолат” СДП Нишон тумани Кенгаши раиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+