Хотин қизларнинг сиёсий фаоллиги — жамият тараққиётининг муҳим омили

28.10.2021 09:10:43

Вақт синовидан ўтган, барчамизга маълум ҳақиқат борки, ҳар қайси жамиятнинг маданий даражаси унинг аёлларга нисбатан муносабати билан белгиланишидир.Зеро, аёлга муносабат – миллат, давлат, эртанги кун ва келажак авлодга бўлган ҳурматни намоён этишнинг асосий мезони.

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, улар учун муносиб меҳнат ва турмуш шароитини яратиб бериш, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида улар жамиятимизнинг янада фаол қатламига айланди. Айниқса, илмий-тадқиқот, тиббиёт ва таълим муассасалари, саноат корхоналари, фермер хўжаликлари, кичик бизнес субъектлари, қўйингки, барча соҳада раҳбар аёллар сафи тобора кенгайиб бормоқда.

Эътибор беринг, дунё давлатларида деярли учрамайдиган ҳолат: мамлакатимизда Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши ҳамда Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси фаолият юритмоқда. Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгашининг асосланган ҳисоб-китобларига мувофиқ Жамғармага ҳар йили 300 миллиард сўмгача миқдорда Давлат бюджети маблағлари ажратилмоқда.

Шунингдек, тегишли дастурларни муваффақиятли ўзлаштирган хотин-қизларга туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари тавсиясига кўра, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун 3 йилгача муддат ва 6 ойгача имтиёзли давр билан Марказий банкнинг асосий ставкасида БҲМнинг 150 бараваригача миқдорда кредитлар бериляпти.

Юртимизда эҳтиёжманд хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш, улар ўртасида тадбиркорликни ривожлантиришга ҳар томонлама кўмаклашиш борасида ҳам қатор самарали ишлаб олиб борилмоқда. Жумладан, расмий маълумотларга кўра ҳудудларда шакллантирилган “Аёллар дафтари”га киритилган 432 минг 781 нафар хотин-қизнинг рўйхати халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларининг сессияларида тасдиқланган. “Аёллар дафтари”га киритилган 432 минг 275 нафар хотин-қизга амалий ёрдам кўрсатилган.

Хусусан, 251 минг 363 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизнинг доимий даромад манбаига эга бўлишига кўмаклашилган, 36 минг 697 нафар боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд хотин-қизга 27 миллиард 572 миллион сўм, 29 минг 40 нафар ногиронлиги бўлган ва ўзгалар парваришига муҳтож хотин-қизга 21 миллиард 58 миллион сўмлик моддий ёрдам белгиланган тартибда тўлаб берилган. 4 минг 164 нафар уй-жойини таъмирлашга муҳтож I гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизларга моддий ёрдам берилиб, уй-жойлари таъмирланган.

Шунинг баробарида “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар билан ишлашнинг 2-босқичида эса 19 мингдан ортиқ хотин-қизнинг бандлиги таъминланган, шулардан 1 123 нафари тадбиркорликка жалб этилган ва уларга кредит олишга кўмаклашилган, 24 437 нафарига моддий ва мурувват ёрдамлари, 332 нафарига уй-жойларини яхшилаш учун амалий ёрдамлар кўрсатилган. Ушбу ёрдамларнинг шаффофлиги ва холислигини таъминлаш мақсадида мунтазам равишда “маҳаллабай” ва “секторбай” ҳисоботлар юритилмоқда.

Ёки юртимизда олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун қўшимча грантлар ажратилганлигини олайлик. Бу давлат миқёсида ижтимоий ҳимоянинг юксак кўриниши бўлди. Бунинг натижасида кўплаб эҳтиёжманд оилалардаги сингилларимиз давлат гранти асосида олий таълим муассасаларида ўқиш бахтига муяссар бўлди.

Кейинги беш йил давомида эришилган ютуқлардан яна бири юртимизда гендер тенгликни таъминлаш соҳасида муҳим қадамлар қўйилганидир. Чунончи, мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлашнинг қонунчилик ва институционал негизини мастаҳкамлаш йўлида таъсирчан чоралар кўрилди. Хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш, хусусан, гендер тенглиги ва аёлларни зўравонлик ва зулмдан ҳимоя қилиш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш мақомини кучайтиришга қаратилган 24 та ҳужжат, жумладан, 2 та қонун, ўнга яқин фармон, Вазирлар Маҳкамасининг 16 та қарори қабул қилинди.

Шу билан бирга, Олий Мажлис Сенатида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, Қонунчилик палатасида Оила ва аёллар масалалари комиссиялари тузилиб, улар бевосита хотин-қизлар масалаларида мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар изчиллигини ҳамда белгиланган режалар ижросини таъминлашга, оилани мустаҳкамлашга, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга, аёлларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий фаоллигини оширишга, соҳага оид қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга, ушбу йўналишдаги давлат дастурларини ҳаётга изчил татбиқ этишда фаол қатнашмоқда.

Олий таълимдаги қатор ижобий ўзгаришлар ҳам бевосита гендер тенглигини жорий этишга хизмат қилмоқда. Жумладан, 2017 йилдан бошлаб аксарият олий ўқув юртларида турли мутахассисликлар бўйича сиртқи бўлимлар фаолияти тикланди. Таълимнинг ушбу шакли ёш аёлларга болаларни парвариш қилиш ва бошқа оилавий мажбуриятларни бажаришга халал қилмасдан олий маълумот олиш имкониятини бермоқда.

Албатта, ҳали бу борада қиладиган ишларимиз кўп. Айниқса, аёллар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини, аёлларни ҳимоя қилишнинг институционал асосларини такомиллаштиришимиз, аҳолининг гендер тенглик ва аёллар ҳуқуқлари тўғрисида хабардорлигини ошириш, ҳуқуқни қўллаш амалиётида уларга риоя этилишини таъминлаш учун масъул мансабдор шахсларни тегишли ҳуқуқий меъёрлар асосида ўқитиш тизимини жорий этиш зарур.

Бугунги кунда Ўзбекистон 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш бўйича, жами 17 та белгиланган мақсадлардан 16 та мажбуриятларни ўз зиммасига олган ва унинг бажарилишида фаол иштирок этиб келмоқда.

Мазкур стратегик хужжатнинг 5 мақсади айнан гендер тенглик бўлиб, бу борада 2019 йилнинг 2 сентябр куни “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунлари қабул қилингани фикримиз тасдиғидир. Ушбу ҳужжатларда хотин-қизлар ва эркаклар ўртасида ўзаро тенглик тамойилларини таъминлаш ва хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари аниқ белгилаб берилган.

Бугун жамиятимизда оғриқли бир ҳолат, афсуски, учраб турибди. Бу ҳам бўлса аёлга нисбатан зўравонлик. Биргина 2020 йилда оилаларда ўтказилган суҳбатлар орқали зўравонликдан жабрланган ва тазйиққа учраган 14 774 нафар хотин-қизлар аниқланиб, барчасига “ҳимоя ордери” расмийлаштирилган ва уларнинг ҳуқуқлари масъул давлат органлари томонидан ҳимояга олинди. Бу эса жуда катта рақам. Биз биргина аёлга ёки қизга нисбатан зўравонликни ҳам миллат фожаси сифатида қабул қилишимиз ва унга қарши кескин курашишимиз лозим. Ана шундагина бу иллатни таг-томири билан йўқота оламиз.Бундай саъй-ҳаракатларнинг бир кўриниши сифатида юртимизнинг туман-шаҳарлар ИИБ да алоҳида 400 га яқин аёл инспектор лавозимлари жорий этилиб, улар фаолияти йўлга қўйилгани кишини қувонтиради, албатта.

Юртимизда демократик ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда фуқаролик жамиятини шакллантиришда хотин-қизларнинг тенг иштирокини таъминловчи тегишли меъёрий-ҳуқуқий база яратилган ва у йилдан-йилга такомиллаштирилиб бориляпти. Шундай эътибор ва ғамхўрликлар самараси ўлароқ, бугунги кунда мамлакатимизда турли соҳа ва тармоқларда меҳнат қилаѐтган ишчи ва хизматчиларнинг 45 фоизини хотин-қизлар ташкил этмоқда.

Масалан, давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида 1 минг 400 га яқин опа-сингилларимиз раҳбарлик лавозимларида меҳнат қилмоқда. Ўнлаб опа-сингилларимиз “Ўзбекистон Қаҳрамони”, “Ўзбекистон фан арбоби”, “Ўзбекистон халқ ўқитувчиси”, “Ўзбекистон халқ шоири”, “Ўзбекистон халқ артисти” сингари давлатимизнинг юксак фахрий унвонлари, орден ва медалларига сазовор бўлган. Уларнинг орасида 500 нафардан зиёд фан докторлари ва академиклар, минглаб фан номзодлари ўз билими ва истеъдоди билан Ватанимиз равнақига астойдил хизмат қилиб келаётир.

Қувонарли томони, 2019 йилда парламентга бўлиб ўтган сайловларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган 150 нафар депутатнинг 48 нафари ёки 32 фоизини энг муносиб ва ташаббускор хотин-қизлар ташкил этди. Маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик корпусларида ҳам ижобий натижаларни яъни хотин-қизларимиз иштироки сезиларни ошганини кўриш мумкин.

Бир сўз билан айтганда, бугун мамлакатимиз хотин-қизлари давлатимиз ва жамиятимизнинг ардоғида, эътиборида. Ўз навбатида, аёлларимиз юрт равнақи, жонажон Ўзбекистонимизни дунёга танитишдек улуғвор мақсадлар йўлида ҳормай-толмай, зиммаларидаги масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда фидокорона меҳнат қилмоқда.

 

 

Зухра ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+