Ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўйича қўшимча вазифалар белгиланди

14.06.2021 10:06:22

Сўнгги йилларда мамлакатимизда барча соҳаларда изчил ислоҳотлар амалга оширилиб, ҳудудларни комплекс иқтисодий ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини ва даромадлилигини таъминлаш ҳамда турмуш фаровонлигини ошириш масаласига стратегик йўналиш сифатида эътибор қаратилиб келинмоқда.

Ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда фақатгина давлат бюджети маблағлари ёки банк кредитлари ҳисобидан фойдаланибгина қолмай, балки хусусий секторнинг ижтимоий масъулиятини ошириш, давлат ва хусусий сектор ҳамкорлиги (шериклиги) асосида лойиҳаларни амалга ошириш лозим.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида кенг жамоатчилик муҳокамалари асосида қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида учинчи устувор йўналиш “Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш”, дея номланган ҳолда вилоят, туман ва шаҳарларни комплекс ва мутаносиб ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, уларнинг мавжуд салоҳиятидан самарали ва оптимал фойдаланиш алоҳида йўналиш сифатида белгиланганлиги ҳам бежиз эмас.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини янада оширишга қаратилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш, халқ билан учрашиш ва мулоқот қилиш мақсадидаги ҳудудларга ташрифларида биринчи навбатда ҳудудлар иқтисодиётидаги ўсиш нуқталарини белгилаш ва шу орқали ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, куни неча Президентимиз томонидан “Ҳудудларнинг саноат салоҳиятини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони имзоланди. Мазкур Фармоннинг имзоланишидан мақсад ҳам мамлакатимиз саноат салоҳиятини мустаҳкамлаш ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш, шаҳар ва вилоятларда янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш ҳисобига аҳолини иш билан таъминлашни кенгайтиришдан иборатдир.

Мухтасар айтганда, мамлакатимиздаги қулай инвестициявий муҳит, тадбиркорлар учун яратилаётган кенг имкониятлар хорижий ҳамкорларнинг эътирофига сазовор бўлиб, ўз фаолиятини Ўзбекистон билан боғлашга руҳлантирмоқда. Бу эса келгусида янги-янги қувватларни ишга тушириш орқали иқтисодиётимизни янада ривожлантириш, ҳудудларнинг саноат салоҳиятини ошириш, экспорт имкониятларини кенгайтириш имконини бериши, шубҳасиздир.

Офтобой НИШОНОВА,

Халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+