Ички йўллар равонлашмоқда

07.05.2021 19:05:38

Мамлакатимизнинг бошқа минтақалари каби Наманган вилоятининг Чортоқ туманида ҳам кейинги йилларда кўплаб янги турар-жой даҳалари вужудга келди. Аммо очиғини айтганда,  уларнинг инфратузилмасини мукаммал даражада бўлиши ҳақида қайғурилмади. Айниқса, ички йўлларнинг ҳолати аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётганди.

– Мен партиямиздан сайланган маҳаллий кенгаш депутатлари билан тез-тез мулоқот қилиб тураман, - дейли Ўзбекистон “Адолат” СДП Чортоқ туман кенаши раиси Ҳабибахон Мирабдуллаева. – Улар ҳар ойда сайловчилар билан ўтказган учрашувлари ҳақида ҳисобот бериб турадилар. Сўнгги беш-олти йил мобвйнида фуқаролар томонидан энг кўп кўтарилган масала – бу, йўлларимизнинг ҳолати. Ёзда чанг, қишда лой, ўнқир-чўнқир кўчалар қайси маҳаллада топилмайди, дейсиз. Ана шуларни ҳисобга олиб, халқ депутатлари туман кенгашидаги депутатлик гуруҳимиз аъзолари бу масалани алоҳида назоратга олдилар. Туман ҳокимлигидан ташқари вилоят идораларига, Тошкентдаги вазирликларга кўп марталаб сўров ва мурожаатномалар йўлланди. Оммавий ахборот воситаларида чиқишлар бўлиб турди.

Шуни айтиш керакки, бу йилдан вазият ўзгара бошлади. Яқинда хизмат вазифаси тақозоси билан Чортоққа боришга тўғри келди. Туман марказидаги “Дўстлик” маҳалласида бўлдик. Мазкур МФЙдаги аҳолининг аксарияти кўп қаватли уйларда истиқомат қилишади. Турар-жой бинолари ўотасидаги ички йўллар қарийб ўттиз йилдан бери таъмирланмасдан абгор ҳолатга келиб қолганди. “Адолат” СДП депутатларига қилинган мурожаатлар ўз самарасини бермоқда. Бу ердаги ичка йўлларнинг каттагина қисми равонлашди. Иш яна давом этади.

Эътиборли жиҳати шундаки, нафақат туман марказидаги, балки олис қишлоқлардаги маҳаллаларда ҳам ободончилик тадбирлари кенг кўлам касб этмоқда. 2021 йилнинг биринчи чорагида   “Гулдуров”,  “Ўрикзор”, “Оромгоҳ” маҳаллаларининг ўзида 7,7 километр узунликдаги кўчаларга шағал ётқизилди. Бундай мисолларни бршқа МФЙлардан ҳам келтириш мумкин.

2021 йилда Наманган вилояти бўйича ички йўлларни таъмирлашга 300 миллиард сўм маблағ сарфланиши кўзда тутилган. Шундан 12 миллиард сўми Чортоқ туманига йўналтирилади. Тасдиқланган манзилли рўйхатга мувофиқ,  бу борадаги ишлар жадал олиб бориляпти Жумладан, ҳозир Короскон шаҳарчасидаги Султон Саид бува зиёратгоҳига олиб борувчи йўлнинг 1100 метрлик  қисми асфальтланмоқда. Куни кеча   600 метр масофадаги ишлар якунланди.

Ҳа, юртимизда янги йўллар чиқариш, эскиларини равонлаштириш бўйича катта ишлар қилинаётганлигини ҳар қанча олқишласа арзийди. Чунки улар нафақат иқтисоднинг, балки ҳаётнинг ўзига хос қон томирларидир. Улар узоғимизни яқин, оғиримизни енгил қилиб турса, турмуш фаровонлиги ошиб бораверади.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+