Идоралараро ҳамкорлик меморандуми оилавий ажримлар камайишига хизмат қилмоқда

08.08.2022 14:08:40

Навоий вилоят ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва криминоген вазиятга таъсир этувчи ижтимоий маиший муаммоларни бартараф қилиш, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш борасида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган тадбирлар йўл харитасининг 13.7 бандида оилавий ажримлар масаласига судлар томонидан алоҳида эътибор қаратилиб, уларни яраштириш ва муаммоларини ҳал этиш чораларини кўриб бориш белгиланган.

Мазкур йўл харитасини ижросини таъминлаш мақсадида Навоий вилоят суди, Навоий вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси ҳамда Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Навоий вилояти Маркази билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзоланди.

навоий2_6

Ушбу Меморандум Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Қонунлари ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёр ва тамойилларига таянган ҳолда, Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш, аёлларни мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар билан яқиндан таништириб бориш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини янада ошириш, никоҳдан ажратиш ва эрта никоҳга киришиш ҳолатларини олдини олиш, улар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни олдини олиш, биринчи марта жиноят содир этиш йўлига кириб қолганларга жиноят, фуқаролик ёки ҳуқуқбузарлик ишлари бўйича судга мурожаат қилганларга, тазйиққа учраган, зўрлик ишлатишдан жабрланган аёлларга ҳуқуқий кўмак бериш, фуқаролик, мулкий муносабатлардаги муаммоларни ҳал этиш, уларни тадбиркорлик соҳасида яратилаётган имкониятлардан яқиндан хабардор этиб бориш, умумхалқ аҳамиятига молик ижтимоий лойиҳа, ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ишларида ўзаро ҳамкорликнинг мазмуни, йўналишлари ва тартибини белгилаб беради.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг топшириқ хатига асосан ҳар ҳафталик никоҳдан ажратиш ҳақидаги фуқаролик ишлари бўйича тарафлар ярашганлиги сабабли тугатилган ишлар юзасидан статистик маълумот юритилиб борилмоқда.

Навоий вилоят судининг иш режаларига мувофиқ, никоҳдан ажратиш билан боғлиқ ишлар ҳар чоракда ўрганилиб, умумлаштирилиб, муҳокамаси Навоий вилоят судининг раёсат мажлисида кўриб чиқилиб, чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.

Навоий вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан 2022 йилнинг 1-ярмига мўлжалланган иш режасига кўра, жорий йилнинг 2-чорагида судлар томонидан кўрилган никоҳдан ажратиш билан боғлиқ ишлар таҳлил қилиниб, умумлаштирилди.

Аниқланишича, жорий йилнинг 6 ойида судлар томонидан жами 912 (2021 йилнинг 6 ойида 967) та никоҳдан ажратиш билан боғлиқ ишлар

кўрилган, шундан 482 (464) та ёки 52 фоиз даъво аризалар қаноатлантирилган, 220 (288) таси рад этилган, 94 (135) таси иш юритувдан тугатилган, 116 (80) таси кўрмасдан қолдирилган.

Жорий йилнинг 2-чорагида судлар томонидан жами 475 та никоҳдан ажратиш билан боғлиқ ишлар кўрилган. Аҳамиятлиси, мазкур кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 78 тага камайган. шундан 261 та даъво аризалар қаноатлантирилган, 99 таси рад этилган, 55 таси эса иш юритувдан тугатилган, 60 таси кўрмасдан қолдирилган.

Никоҳдан ажратиш билан боғлиқ жами кўрилган 475 та даъво аризаларнинг катта қисми аёллар ҳиссасига тўғри келмоқда. Жумладан, 2022 йилнинг 2-чорагида 262 таси аёллар томонидан 213 таси эса эркаклар томонидан судга даъво қўзғатилган.

Мазкур кўрсаткич тарафларнинг ёши билан таҳлил қилинганда, энг юқори кўрсаткич 18 ёшдан 30 ёшгача бўлганлар умумий даъволарнинг 52 фоизи (247та)ни, даъволарнинг 1/3 (159 та) қисмини эса 30 ёшдан 40 ёшгача бўлганлар ташкил этмоқда. Шунингдек, 40 ёшдан 50 ёшгача бўлганлар 51 тани ва 50 ёшдан юқорилар 18 тани ташкил қилади.

навоий3

Фуқароларни судларга бундай даъволарни киритиш сабаблари таҳлил қилинганда, энг асосий муаммо сифатида эр-хотиннинг характерлари бир-бирига тўғри келмаганлиги сабабли 236 та, бир тарафни хорижий давлатга узоқ муддатга чиқиб кетиши 61 та, оила муносабатларига учинчи шахсларни аралашиши 87 та, оила бошлиғи оилани моддий жиҳатдан таъминланмаслиги 21 та, спиртли ичимликлар истеъмол қилиши 24 та, тарафларни бир-бирларига нисбатан ишончсизлик муносабати 18 та ва бошқа асослар билан боғлиқ 28 та аризаларни ташкил қилади.

Никоҳдан ажралиш билан боғлиқ қаноатлантирилган ишларнинг қарийб 39 фоизи вилоятнинг Навоий шаҳрида (93 та) ва Хатирчи туманида (91 та) туманлари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Навоий вилоят судининг раёсат қарорига мувофиқ, никоҳдан суд тартибида ажратиш ҳолатларини олдини олиш мақсадида туман (шаҳар) оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўлимлари билан ҳамкорликда профилактик тадбирларни амалга ошириш, маҳалла фаолларини эр-хотиннинг яраштириш масаласидаги суд жараёнларига иштирокини таъминлаш белгилаб қўйилди.

Навоий вилоят судининг судьялар томонидан МФЙлардаги сайёр қабулларда никоҳ шартномасининг оилаларни мустаҳкамлигини таъминлашдаги ўрни, эр-хотиннинг никоҳда бўлган даврда ёки ажрашган тақдирда мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгиловчи, эр-хотин ва вояга етмаган фарзандларни манфаатларини таъминловчи қонуний ҳужжат эканлиги ва бошқа оила ва никоҳ муносабатларидаги низолар юзасидан тушунтириш ишларини кучайтириш муҳим вазифа қилиб белгилаб қўйилди.

Навоий вилоят суди томонидан судьялар ва оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўлимлари билан биргаликда оилавий низолари бор, нотинч оилалар мавжуд маҳалла фуқаролар йиғинларида очиқ мулоқот ва учрашувлар ташкил қилиниб, нотинч оила аъзолари билан судьялар индивидуал суҳбатлашиб, никоҳдан ажратишнинг салбий оқибатлари тушунтирилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши ташаббуси билан суратга олинган тарбиявий аҳамиятга эга қисқа метражли фильмлар намойиш қилиб борилмоқда.

Хусусан, Конимех туманининг Зафаробод қўрғонида “Биз оилавий ажримларга қаршимиз” шиори остида 15 та маҳалланинг ажрим ёқасида турган ёш оилалар учун яраштирув ишлари амалга оширилди.

Яраштирув жараёнларида Конимех туман ҳокими Р.Рўзиев, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи М.Мамадиярова, Навоий вилоят суди судьяси Г.Худайбердиева ва туман сектор раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари,туман отинойи ва маҳалла оқсоқоллари қатнашиб 25 та оиладан 7 нафар оилани яраштиришга эришилди.

Гулнафис ХУДАЙБЕРДИЕВА,

Навоий вилоят суди судьяси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+