Ифтихор ва масъулият

22.02.2021 11:02:27

Бу йилги февраль ойининг учинчи ҳафтаси вилоятимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа билан тарих саҳифаларига битиладиган бўлди. Мен Ўзбекистон Республикаси Президентининг Наманганга ташрифини назарда тутмоқдаман. Мазкур жараённи барча партиядошларимиз  қатори оммавий ахборот воситалари орқали диққат билан кузатиб бордим. Қолаверса, юртбошимиз иштирок этган халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида  қатнашдим. Бу анжуманда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши  атрофлича таҳлил қилинди, йўл қўйилган хато ва камчиликлар кўрсатилди.

Мен шу замин фарзанди сифатида давлат раҳбарининг ҳамюртларим хақида айтган  мақтов сўзларидан ғурурландим. Айниқса, қуйидаги фикрлар ёдимда қолди: “Наманганликлар тартиб-интизомни яхши кўради, уларда тадбиркорлик, бирлашиш, натижага ишлаш деган одат бор. Иш услуби маданияти жуда юқори”.  Бундай баҳодан кўнглимда чексиз ифтихор уйғонди.

Шу билан бирга давлат раҳбарининг баъзи фикрлари хаммамизни ҳижолатга солганини ҳам айтиб ўтиш зарур. Масалан, Уйчи туманидаги сектор раҳбарларининг иши қониқарсиз, деб топилгани. Улар ишдан бўшатилди, фаолиятлари эса тафтиш қилинадиган бўлди. Шунга қараб жавобгарликка тортиш масаласи ҳам кўрилади.

Сессия қатнашчиларини вилоятни ҳар томонлама ривожлантириш чора-тадбирлари  белгилангани  бениҳоя хурсанд қилди. Мисол учун, биргина Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 60 миллион доллар ажратилиши айтилди. 2021-2022 йилларда умумий қиймати 23,7 триллион сўмлик 1728 та инвестиция лойиҳалари  амалга оширилади. Бу эса 66 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратиш имконини беради. “Маҳаллабай” тизимида тадбиркорликни ривожлантириш учун 850 миллиард сўмлик кредитлар ажратилиши ҳам иқтисодиётни янада юқори босқичга олиб чиқади.

         Президентимиз жойларда ўтказилган мулоқотларда, вилоят кенгаши сессиясида ҳам ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратди. Йигит-қизлар билдирган таклифлар, бизнес режалар қўллаб-қувватланди, мутасаддиларга тегишли йўл-йўриқлар берилди. “Ёшларнинг кўзида эртанги кунга ишонч кўрсам, очиғи, ҳамма чарчоқларим чиқиб кетади! Мана шундай билимли, жонкуяр, изланувчан ёшлар ҳамма соҳаларда ўзгариш қилади”, - деди у. Бу, навқирон авлод вакилларига юксак ишонч намунасидир.

Ташриф давомида  доим диққат марказида бўлган яна бир масала-маҳаллалар  фаолиятида туб ўзгаришлар ясашдир. Шунда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тараққиётнинг “ўсиш нуқталари”га айланиши мумкин. “Маҳалла - ислоҳотчи” тизимини жорий этиш орқали кўнгилдагидай натижаларга эришса бўлади. “Хонадонбай” ҳамда “фуқаробай” усулини жорий этиш эса иш самарадорлигини янада юксалтиради.

Президентимизнинг вилоятга ташрифи якунларини сарҳисоб қилар эканмиз, қўйилган вазифаларни муваффақиятли бажариш ҳақида ўйлаймиз, албатта. Бу борада партиядошларимиз, депутатларимиз фаоллик кўрсатишлари лозим. Чунки ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқарсаккина, мақсадга эриша оламиз. Шу йўлда барча шаҳар ва туман кенгашлари, бошланғич партия ташкилотларимиз, қолаверса, ҳар бир сафдошимиз астойдил ҳаракат қилади.

 

                                                                                                        Исроил   ЖЎРАЕВ,

                                                                                               Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган  вилояти Кенгаши раиси,

халқ депутатлари Косонсой туман

Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+