ИККИ ДАРЁ УЧРАШДИ

13.06.2021 17:06:45

Суҳбатдошини бездирмайди. Жаҳли чиққанини кўрмаганман. Фисқ-фасоддан йироқда. Юзидаги ним табассум дарёдай қалбини, тоғдай кўнглини, метиндай иродасини кўрсатиб туради. Бойлик талашиб, ёки бирор мансаб илинжида ўзини ўтга, чўққа уриб юрадиган одам эмас…  

Мен Абдурашид Артиқов билан 2017 йилнинг ёзида, вилоят ҳокимининг Қумқўрғонда ўтказган сайёр қабулида танишганман. Ундан олдин фамилияси ва қилган яхши ишларини эшитиб юрардим… Ўшанда вилоят раҳбарининг қабулига бир одам келди-да:

— Ҳоким бобо, кўзимнинг мазаси йўқ, ўтмаяпти, — деди.
— Бўлди, даволаймиз, — деди вилоят ҳокими.
— Яна бир масала бор: шу-уу  ўғлимни уйлантиришим керак, озгина ёрдам бўлса..!

Сўнгра, вилоят ҳокими бирдан Абдурашид Артиқовни чақириб: “Ёрдам қилинг, масаласини ечинг, тушунарлими?!” деди.

Артиқов бир бош ирғади-да, фуқарони етаклаб чеккалатди: ён дафтарига нималарнидир ёза бошлади. Ўша вақтда Абдурашид ака вилоят “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг раҳбари эди.

…Сўнгра сўради:
— Қанча пул керак, кўзни даволатишга?
— Тўйгачи?

Аниқ эсимда йўқ, бояги фуқаро маълум суммани айтди.
— Бўлди, ёрдам қиламиз, ўзим қўнғироқ қиламан, бораверинг, — деди Артиқов.

Шунда ҳалиги одам: “Ака яна битта муаммом қолиб кетди, ҳокимга шуниям айтиб келай”, деб вилоят ҳокимининг олдига қараб жўнади.
— Тўхтанг-е, яна нима гап? — деди Артиқов.
— Тўйдан олдин, уйимнинг уёқ-буёғини сал таъмирлаш керак эди-да..!
— Бўлди, унгаям ёрдам бераман, ҳа деб ҳокимнинг олдига бораверманг, уят бўлади…

…Хуллас, ўша воҳадошимизнинг барча муаммоларини Абдурашид Артиқов ҳал қилиб берди. Тўйига бош-қош бўлди… Ҳозир ҳам борди-келди қилаётганига, қариндошлардай бўлиб кетганига шубҳам йўқ! Гап тўрт-беш сўм пулда эмас, масъулият ва инсонларга бўлган меҳр-муҳаббатда эканини Артиқов яхши билади..!

…Маълумки, 2018 йил воҳамизда сув тақчиллиги кузатилди. Қишлоқ хўжалиги соҳасида катта муаммолар пайдо бўла бошлади. Вазиятни яхшилаш, сувни тежаш масаласи кун тартибидан тушмади. Шунда вилоят ҳокими, вилоят фаоллари ишонч билдириб, халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши депутати Абдурашид Артиқов зиммасига бир оғир вазифани юклади: қўшни Тожикистон Республикасининг Варзоб дарёсидан Сурхондарёга сув олиб келиш! Бу топшириқ ва ишончни Абдурашид ака мамнуният билан қабул қилди. Сабаби, ўзи сув хўжалиги мутахассиси бўлса. Бунинг устига Президентимизнинг ташаббуслари билан икки қардош халқлар ўртасида борди-келди муносабатлари янада яхшиланган.

…Артиқов ишга киришди. Тожикистонга борди, сув хўжалиги мутахассислари билан учрашди, гаплашди, пиёда юрди, сув кечди, канал қаздирди… Хуллас, анча оғир бўлса ҳам Варзоб дарёси билан Сурхондарёни учраштирди… Вилоятимизга етарли миқдорда сув олиб келиш вазифасини уддалади. Қанчадан-қанча қишлоқ хўжалиги экинлари асраб қолинди, мўл ҳосил олинди.

Бугун ҳам Варзоб дарёсидан воҳамизга сув олиб келиш  ишлари вилоят ҳокимининг саъй-ҳаракатлари ва амалий ёрдами билан янги босқичда давом этмоқда.

***

Абдурашид Артиқов Жарқўрғон тумани марказидан оқиб ўтувчи Занг канали ёнидаги ҳовлилардан бирида ўсди-улғайди. Болалигидан сувни яхши кўрди, меҳр қўйди.  Баъзан катта каналнинг бўйида ошналари билан ўтириб ўзича хаёл сурарди: “Бунча сув қаерга кетар экан, а! Орол деган денгизга шу ердан сув борармикан. Йил бўйи бунча сув оқиб, қаерга ғойиб бўлади. Борар манзили аниқми?”. Ёши улғайиб англадики, Амударёдан сув оладиган ушбу Занг канали катта маблағ, оғир меҳнату машаққатлар эвазига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш  учун сув етказиб берар экан. Ана шундан кейин сувни тежаш, уни исроф қилмаслик ҳақида ўйлайдиган, керак бўлса бош қотирадиган бўлди… Бугун эса Абдурашид Артиқов томчилатиб суғориш технологиясининг самарадорлигини исботлаб берган фан доктори. 

Абдурашид ака қишлоқ хўжалиги  фанлари доктори бўлгунга қадар жуда олис, залворли, машаққатли йўлни  босиб ўтди. Жилмайиб турадиган  чеҳраси не-не замонлар билан рўбарў бўлмади дейсиз. Ўн беш ёшидан дала оралаб сув таради, пахта терди. Марраси мақсадга туташган умр йўли унинг саботини синади, ҳаётини мазмунан бойитди. Меҳнатда  тобланаётган  йиллари Тошкент политехника институти талабаси бўлди.  Хўжаликда кунни кеч қилган, ишдан қочмайдиган ёш Абдурашиднинг ҳаёти илм уммонига ғарқ йилларга уланди. Вақтнинг долғали лаҳзаларида мақсади сари одимлашдан тоймади, тонмади. Ва ниҳоят унинг салоҳияти, орзулари қанот топган кунлар келди. “Сурхонирқурилиш” трестида бош муҳандисликдан трестга қарашли ишлаб чиқариш технологик бутлаш бошқармаси бошлиғи сифатида иш олиб борганидаёқ эл орасида  обрў орттирди, қадр топди,  яхши кадр  дея ном қозонди…

Шу йиллар давомида илмдан узоқлашмаган Абдурашид Артиқов Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида ҳам таҳсил олди. Дипломлари сони ошгани сари дунёқараши кенгайди, соҳага янги нуқтаи назар билан боқадиган бўлди. Билимли, тажрибали кадр ҳар доим ўз ўрнига эга бўлади. Республика “Сувмаш” заводининг вилоят филиали директори бўлганида ҳам ўша сўзим аввалида айтганим — суҳбатдошини бездирмади, жаҳли чиқса сездирмади. Фисқ-фасод кўчасидан ўтмади. Фаолияти сувга боғланиб умри ҳам дарёдай тошқин, кези келса унуми билан ўрнак бўлди. Меҳнатдан чекинмади, бир лаҳзаки узоқ кетмади, ўзини олис тутмади.

Вилоят “Аму-Сурхон” ирригация тизимлари ҳавза бошқармасида турли лавозимларда ишлаб, жамоанинг жипслаштирадиган юрагига айланди. Ишга меҳри-меҳнати кўриниб, мансаб пиллапояларини бирма-бир, сабот билан ўтди. Вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш ўқув курси директори, вилоят “Маҳалла” жамоат фонди директори  бўлиб ишлаган йиллари ҳам юзидаги ним табассум ҳамроҳи бўлди. Дарёдил, кўнгли осмон, феъли кенг ва иродаси метин одам бу ташкилотларда ҳам самимий раҳбар сифатида кўпнинг кўрки бўлди.

Руҳияти илм истаган кишигина мутолаадан чекинмайди, илми теранлаша бошлаган одам эса фаннинг сир-асрорини англашга чоғланади. Бир муддат вилоят ҳокимлиги ташкилотларида фаолият юритган Абдурашид Артиқов ўз соҳасида илмий изланишларни давом эттириш учун  таълим соҳасига қайтди. Айни пайтда  Тошкент давлат аграр университети Термиз филиалида доценти бўлиш баробарида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман)нинг вилоятдаги минтақавий вакили сифатида фаолият юритиб келмоқда.  Шу билан бирга халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгаши депутати сифатида ҳам самарали иш олиб бораётир.

Қаҳрамонимизнинг соҳа ривожига қўшган ҳиссаси, самарали меҳнати муносиб  баҳосини топди.  Кўксини халқимизнинг меҳридан ярқираган ордену медаллар безаб турибди.

***

Баъзан илмий иш бошлаб, уч-тўрт йил орасида “ишимни ҳимоя қилдим” деган кишилар билан юзма-юз бўп қоласиз. Бу гаплардан кейин илм уммони кўзингизга янаям яқинроқдек, қўл чўзсангиз етадигандек туюлади.  Абдурашид ака эса ҳечам шошилмади. Узоқ йиллик ҳалол меҳнати, изланишлари билан  номзодлик ишини тўйинтириб борди. Умрининг чорак асри мобайнида илмий изланишдан толмади. Йигирма олти йил деганда   фан доктори диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди.

Илмсевар олимнинг орзулари дарёдай! Сув эса поклик рамзи. Варзоб билан Сурхондарёнинг туташуви — икки қардош элнинг кўнгиллари, эзгу ниятлари бирлашувидир. Икки дарё учрашувида Абдурашид Артиқовнинг ҳам ҳиссаси борлигини  умр дарёси асл ўзанини топди, дейиш мумкин.

Салоҳиддин Норқобилов,

журналист

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+