Икки минтақани боғловчи ҳамкорлик йўли

17.07.2021 16:07:04

Тошкент шаҳри мезбонлик қилган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференцияга ана шундай таъриф бериш ҳам мумкин. Чунки халқаро конференция дунёнинг икки салоҳиятли минтақаси яъни Жанубий Осиё ва Марказий Осиё ўртасидаги ҳамкорлик учун янги имкониятлар эшигини очишни ўз олдига мақсад қилди. Тўғри аввал ҳам бор эди бу ҳамкорлик. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан эса бу борадаги имкониятлар янги босқичга кўтариладиган бўлди. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган анжуманни икки кун мобайнида оммавий ахборот воситалари орқали кузатар эканман, 44та мамлакат ва 30га яқин халқаро ташкилот делегациялари, нуфузли хорижий илмий-тадқиқот ва таҳлил марказлари раҳбарларининг  иштироки ва конференция борасидаги муносабатлари билан танишдим. Экспертлар фикрига кўра Марказий Осиё табиий ресурсларга бой. Айниқса пахта етиштириш бўйича яхшигина тажрибага эга. Жанубий Осиё мамлакатлари эса пахтага муҳтож. Демак икки минтақанинг ҳамкорлик қилиши учун энг яхши сабаб шу. Агар томонлар ўртасида яхши муносабат ўрнатилса, ҳамкорлик борасидаги йўналишлар, истиқболли режалар сони кўпаяди. Демак, халқаро конференция сабаб икки минтақа давлатлари томонидан янги таклиф, ташаббус ва лойиҳалар ўртага ташланди. Агар ушбу лойиҳалар ва таклифлар амалиётга кўчса бу икки минтақа давлатлари учун манфаатли бўлади.

Шунингдек, конференцияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сўзлаган  нутқи ҳам бу ҳамкорлик йўлининг нечоғлик аҳамият касб этишини ифодалаб берди. Яъни, глобал геосиёсий ўзгаришлар даврида қарийб икки миллиард аҳоли яшайдиган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро алоқаларни қайта тиклаш муҳим ҳаётий заруратга айланганини алоҳида таъкидлади.

-Бугун дунё ҳам таҳдидлар, ҳам янги имкониятларни ўзида тутган глобал геосиёсий трансформациялар даврига қадам босди. Бундай шароитда 2 миллиарддан зиёд одам яшаётган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги алоқаларнинг қайта тикланиши янада муҳим ва объектив жараёнга айланиб бормоқда - деди Президент нутқида шу мақсадларга қаратилган муҳим ташаббусларни илгари сурар экан.

Халқаро  доирадаги анжумандан олган яна бир янгилигим бу Тошкентда Марказий Осиё халқаро институтининг очилиши бўлди. Форумнинг ялпи ва шўъба мажлисларида савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникацион ва маданий-гуманитар соҳаларда минтақавий боғлиқликни янада мустаҳкамлашга қаратилган имконият ва ташаббуслар ҳам  муҳокама қилинар экан, унинг ҳар бир жараёни билан танишган инсон борки ушбу анжуман чин маънода  икки минтақа учун ҳамкорлик йўли эканлигига ишонч ҳосил қилади.

 

Маҳфират ХУДОЙБЕРДИЕВА, 

   Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сирдарё вилоят  Кенгаши

                                                                         матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+