Икки қардош мамлакатлар ҳамкорлигининг янги саҳифаси очилмоқда

16.06.2021 09:06:36

Ўзбек ва тожик халқлари азалдан ёнма-ён яшаб, қийинчиликларни биргаликда енгиб ўтишган. Кейинги йилларда фаоллашган маданий-гуманитар алоқалар икки мамлакатни янада яқинлаштирмоқда. Дўстлик делегациялари ташрифи ва ижодий сафарлар уюштирилиб, маданият кунлари, концертлар, кўргазмалар, анжуманлар ўтказилмоқда.

Икки мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни юқори даражага кўтаришда, уларни ривожланиш стратегиясини белгилашда ва амалга оширишда Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарларининг кучли сиёсий иродаси ва узоқни кўзлаган сиёсати муҳим омил бўлмоқда. Бу эса албатта, икки мамлакатнинг кўп қиррали ҳамкорлиги ва дўстона алоқалари сифат жиҳатидан янги босқичга – стратегик ҳамкорлик даражасига кўтарилишига замин яратмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ўтган ҳафтада Тожикистонга уюштирган расмий ташрифи тобора мустаҳкамланиб бораётган Ўзбекистон ва Тожикистон ҳамкорлиги, халқларимиз дўстлигининг яна бир ифодаси бўлди.

Ушбу ташриф дастуридан ўрин олган Душанбе шаҳрида икки томонлама тадбирлар – расмий кутиб олиш маросими, тор доирадаги ва кенгайтирилган таркибдаги музокаралар, ижтимоий объектлар очилиши ва икки томонлама ҳужжатлар имзоланишига бағишланган онлайн маросимлар юқори савияда  ўтказилди.

Учрашувда Президентлар ўртасида қўшма баёнот имзоланди. Икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва стратегик шерикликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш бўйича узоқ муддатли вазифалар белгиланди. Хусусан, энергетика, транспорт, автомобилсозлик, электротехника, тоғ-кон ва енгил саноат, фан, таълим, спорт ва бошқа соҳаларни қамраб олган жами 35 та ҳужжат имзоланди.

Албатта, Президентимизнинг Тожикистонга расмий ташрифи натижасида давлатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва биродарлик ришталари ва самимий муносабатлар янада мустаҳкамланади ва иккала халқнинг азалий дўстлиги бардавом бўлади, деб ишонамиз.

 

Ориф ШУКУРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+