Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамонлари – доимо эъзозда

26.04.2021 19:04:57

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан куни-кеча “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори имзоланди.

Мазкур ҳужжат мамлакатимизда Хотира ва қадрлаш кунини, Иккинчи жаҳон урушининг ҳар бир қатнашчиси, фронт орти меҳнат фахрийлари ҳамда мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотираси олдида ҳурмат бажо келтириш, юртимизда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, инсонийлик, бағрикенглик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни миллий анъаналаримизга садоқат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтириш ҳамда бу муқаддас айёмни юксак савияда нишонлашга қаратилганлиги билан янада аҳамиятлидир.

Ҳа, “Эр бошига иш тушса”, деган халқимизнинг ажойиб нақли бор. Оғир синовлар келганда биринчи навбатда шу элнинг куч-қудрати, маънавияти, ахлоқи синовдан ўтади. Иккинчи жаҳон уруши пайтида ўзбек халқи жуда катта синовларни бошидан ўтказди. Ўзининг бағрикенглиги, маънавияти, болажонлиги билан ажойиб фазилатларини дунёга намоён қилди. Ўзбек халқ  фронт ичкарисида, жанггоҳларда бўлаётган қирғинбарот чоғларда ота-онасини йўқотган қанчадан қанча болаларни ўз фарзандидек бағрига қабул қилди. Бундай синовлар нафақат уруш пайтида, балки, ташвишли кунларда миллатнинг қанчалик жипслиги, қанчалик мақсад йўлида  собитлик билан олдинган қараб бораётганлигини кўрсатиб беради. Бугун ана шу даҳшатли жангларда, Иккинчи жаҳон уруши жангларида ҳалок бўлган 500 мингдан ортиқ ватандошларимизнинг ҳар биттасига тегишли бўлган хотиралар ниҳоятда биз учун қадрлидир. Бугун ёшларимизга уларнинг маъно-моҳиятини етказиб бериш ҳар биримизнинг вазифамиздир. Халқ бугунги тинч-хотиржам замонни асраб-авайлаш, қадрига етиш учун ҳам урушни, унинг қаҳрамонларини, ғалабага муносиб ҳисса қўшган ҳеч бир кишини хотирасидан фориғ қилмайди.

Иккинчи жаҳон уруши тугаганига 76 йил тўляпти. Бу суронли йиллар халқимиз бошига кўп қийинчиликларни келтирган.

Иккинчи жаҳон урушида мардларча қаҳрамонлик кўрсатган фахрийларимизнинг юртимиз тинчлиги учун чеккан заҳмати, ҳаёт қийинчиликларини сабот билан енгиши биз учун ҳақиқий жасорат ва фидойилик тимсолидир.

Президентимиз ташаббуси билан пойтахтимизда яратилган “Ғалаба боғи” барчамиз учун катта ҳаёт сабоғи ва мактаби бўлиб хизмат қилади, десам хато бўлмайди. Мазкур боғда шафқатсиз уруш майдонларида ҳалок бўлган аждодларимиз хотирасини ёд етиш билан бирга, бугунги ёруғ кунлар учун машаққатли меҳнат фронтида кўрсатилган мардлик ва жасорат аниқ ва тиниқ намоён этилган.

Зеро, йиллар ўтаверади, даврлар алмашаверади, аммо озодлик ва инсонпарварлик ғоялари, қаҳрамонларни хотирлаш ва ёнимиздаги инсонларни эъзозлашни ўзида мужассам этган маънавий қадриятларимиз мангу яшайверади. Хотира ва қадрлаш куни  Ўзбекистон халқи ҳаётида алоҳида аҳамиятга эга муҳим сана сифатида муҳрланиб қолади.

 

Рустам ҲАМРАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат”СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+