ИККИТА МАҲАЛЛА АҲОЛИСИ УЧУН ЯНА БИР ҚУЛАЙЛИК ЯРАТИЛДИ  

04.11.2021 09:11:18

 

Фуқароларнинг мурожаатларини эшитиш ва улар қўяётган талаблар асосида иш ташкил этишга мамлакатимизда қай даражада эътибор қаратилаётганига яна бир ёрқин мисол: турли сабабларга кўра фаолияти тўхтатилган Бордимкўлдаги ҚВПни очиш бўйича маҳалла аҳолисининг талаби қондирилди. Яъни бир неча вақтдан бери фойдаланилмай турган бино жорий таъмирланди, энди у янада кўркам кўринишда беморларни қабул қила бошлайди.

Бугун янгиланган қиёфадаги оилавий шифокорлик пунктининг тақдимоти маросими бўлиб ўтди. Унда туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамова аҳоли саломатлигини сақлаш ва касалликларнинг олдини олиш юзасидан мамлакатимизда амалга оширилаётган ишларга қисқача тўхталди. Давлат бюджетидан 555 миллион сўм маблағ сарфланиб, «Тўрақўрғон, бунёдкор қурилиш» хусусий корхонаси томонидан ҳар томонлама сифатли таъмирланган муассаса Бордимкўл ҳамда Чорбоғ маҳалласида истиқомат қилувчи 5 мингга яқин аҳоли учун совға эканлигини айтди. Барчани қўшалоқ қувонч билан табриклади.

Меҳнат фахрийси А.Тоштемиров эътибор ва ғамхўрлик учун маҳалладошлари номидан миннатдорлик изҳор қилди.

Тасма қирқилиб, йиғилганлар ОШПда яратилган шароитлар билан танишишга киришдилар.- Бу ерда бир неча мутахассислар беморларни қабул қилишлари ва керакли маслаҳатларини беришлари, қолаверса, таҳлилхона мавжудлиги барчамизга маъқул келди, - дейди МФЙ раиси Иброҳим Ботиров. – Муҳими, эндиликда аҳолимиз узоққа қатнаб юрмайди. «Тез ёрдам» хизмати янада такомиллаштирилгани эса нур устига аъло нур бўлди.

Ўтган йили Бордимкўл МФЙ биноси давлат-шериклик асосида қурилиб, фойдаланишга топширилганди. Бир жойдан ўрин олган маҳалла идораси, профилактика инспекори хонаси ва оилавий шифокорлик пункти мурожаатчилар учун мақтаса арзигулик даражадаги қулайлик бўлибгина қолмабди, балки бундай ўзига хос мажмуа гузар кўркига кўрк ҳам қўшибди.

 

                                                                                  Бекзод ЖЎРАЕВ,

Тўрақўрғон туман қурилиш бўлимидаги “Адолат” СДП бошланғич ташкилоти раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+