Илк бор сайловда иштирок этувчилар номзод билан танишди

05.10.2021 15:10:51

 

Булунғур туманидаги 1-сонли касб-ҳунар мактабида “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Баҳром Абдураҳимович Абдуҳалимовнинг Самарқанд вилоятидаги ишончли вакили, партиянинг Самарқанд вилоят кенгаши раиси Муҳиба Бабабекова Булунғурлик фуқаролар билан учрашиб, улар билан очиқ мулоқот ўтказди.

Партия фаоллари, маҳаллий кенгаш депутатлари, таълим соҳаси вакиллари, туман тиббиёт бирлашмаси ходимлари, ёшлар, маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этган мазкур учрашувда номзоднинг ишончли вакили сўзга чиқиб номзоднинг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастурининг асосий йўналишлари ҳақида маълумот бериб ўтди.

Тўпланганлар номзоднинг сайловолди дастуридан ўрин олган  мактабгача таълимга болаларни 2 ёшдан қабул қилиш, мактабгача таълимни тўлиқ бепул қилишни йўлга қўйиш, Мактабгача таълим, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликларини ягона – Таълим вазирлигига айлантириш, аъло баҳолар билан ўқиган иқтидорли, камхарж ёшларни давлат ҳисобидан олий таълим олишини кафолатлаш, сифатсиз маҳсулот чиқариш ҳамда нарх-наволарни сунъий кўтариш учун кучайтирилган жазо чораларини қўллаш, “Озиқ-овқат хавфсизлиги – 2030” дастурини жорий этиш, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, хотин-қизларни, айниқса, қишлоқ жойлардаги қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш масалаларини қизғин қўллаб-қувватладилар.

 Тарғибот тадбирида ишончли вакил номзоднинг сайловолди дастури билан таништиргандан сўнг маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия фаоллари, таълим соҳаси вакиллари ҳамда партиянинг фаол ёшлари сўз олиб, номзоднинг сайловолди дастури ҳақида ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Камол Қаюмов, “Янгиқўрғон” МФЙ фаоли, тадбир иштирокчиси:

 – Бугунги учрашувда номзоднинг ишончли вакили томонидан унинг сайловолди дастури ҳақида батафсил маълумотга эга бўлдик. Мени қувонтирган нарса дастурда нафақат республикамиз ҳудудидаги ва чет элда ишлаётган ёлланма ва мавсумий ишчиларнинг муҳофазаси, меҳнатига яраша ҳақ олиши кафолатланиши борасида илгари сурилаётган вазифалар бўлди. Бу албатта, аҳоли фаровонлигини оширишга, эртанги кунга бўлган ишончи мустаҳкамланишига ҳисса қўшади. Негаки, барчамиз биламиз, мана ёшларимиз, фарзандларимиз кўпинча бандлик масаласида ёки хорижда ёки ўзимиздаги қайсидар иш фаолияти билан бандлигини таъминлаб келаяпти. Афсуски, уларнинг барчаси ҳам қонуний, яъни штат асосида ишлаётгани йўқ. Бу эса ўз-ўзидан уларнинг пенсия ёшига етганида пенсия таъминотига ўзининг таъсирини кўрсатади.

Севара Жабборова, биринчи марта сайловда иштирок этувчи ёшлардан:  

– Номзоднинг дастурида белгиланган олий таълим соҳасида қабул квоталарини бекор қилиш, иқтидорли ёшларни бепул олйи таълим олишини таъминлаш, табиий газ, электр энергиясини аввало халққа берилишини йўлга қўйиш, халқ эҳтиёждан ортсагина четга сотилишига рухсат берилиши борасида билдирилган мулоҳазалар менга маъқул бўлди. Жорий йилги сайловда илк маротаба иштирок этаётган ёш сайловчи сифатида айтишим мумкинки, Президент сайлови бу келажак танлови. Мен 24-октябрь куни ўзим муносиб деб билган номзодга овоз бераман. Тенгдошларимни ҳам сайловда фаол иштирок этишга чақириб қоламан.

Шунингдек, тадбирда сўз олган бошқалар ҳам “Адолат-ҳаётимизнинг бош мезони” деб номланган сайловолди дастурда таълимнинг барча йўналишлари, бу мактабгача, умумий ўрта таълим, олий таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт, суд-ҳуқуқ тизими, илм-фан, халқаро муносабатлар юзасидан кўтариб чиқилаётган аниқ таклифлар халқимизнинг турмуш фаровонлигини оширишда, қулайликлар яратилишида хизмат қилишини таъкидлаб ўтдилар.

Учрашув якунида иштирокчилар томонидан ҳудудда мавжуд муаммолар ҳам ўртага ташланди. Мурожаатлар тегишлилигича қайд этилиб вилоят, туман Кенгаши депутатлари томонидан сўровлар чиқарилиши, ижроси бўйича сайловчиларга маълумот тақдим этилиши маълум қилинди.

Азиз ХАИТОВ,

“Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши бош мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+