Иллат излаганга иллатдир дунё

16.07.2021 18:07:10

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан ташкил этилган “Ёш адолатчилар Форуми”да онлайн иштирок этдим.

Форум иштирокчиларининг фикрларини тинглар эканман, ўзимга тегишли хулосалар олдим.

Сўнгги вақтларда интернетда ўзининг ножўя ҳаракатлари акс этган видеолар тарқатаётган ёш тенгдошларимиз ҳам йўқ эмас, албатта. Бир савол кишини ўйлашга мажбур қилади. Хўш, нега 10 мингта ёки мингта интернет тармоғидан фойдаланадиган ёшлар туриб, уларнинг орасидан 1-2 та нотўғри фойдаланаётган, ахлоқсизликни тарғиб қилаётган ёшлар сабаб ижтимоий тармоқлар ёшларга салбий таъсир кўрсатмоқда, деб жар солаяпмиз. Ахир саноқли ўзини бошқара олмаётган айрим фуқаролар туфайли ижтимоий тармоқларга чекловлар қўйилиши ёкида кимнингдир фаолиятига зарар бериш тўғримикан?

Иллат излаганга иллатдир дунё, ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё деган ибратли нақл бежиз айтилмаган. Кимдир ботқоқда ҳам ойни кўрса, яна кимдир фақат лойни кўради. Бундай ҳолатларни сабаб қилиб қайсидир интернет тармоқларидан воз кечиш, ижтимоий тармоқлардан фойдаланмаслик каби фикрлар, менимча, ўзини оқламайди. Чунки дунё шиддат билан ривожланмоқда, ҳар кунда бир янгилик, ихтироларга кўзингиз тушади, қайсидар тармоқни чекласак, ўрнини бошқаси тўлдиради.

Биргина йўл бор - ёшларининг келажаги учун қайғуришни энг аввало оиладан бошлаш лозим. Бир оилада ота ишдан чарчаб келса ҳам фарзандига ўрнак бўлиши учун қўлида китоб олиб ўтирар экан. “Ишдан чарчаб келганда китоб ўқиб каллага бирон нарса кирадими?” деб савол беришганида, “Муҳими китобда нима ёзилгани эмас, фарзандларимиз онгига нима ёзилгани” деб жавоб бергани мени таъсирлантирган эди.

Шундай экан, ҳар бир ота-она келажагининг давомичиси бўлган фарзанди қўлларига телефон ёки китоб бериш орқали уларнинг эртанги куни, келажагига ҳам замин тайёрлайди. Шуни унутмаган ҳолда ҳар бир нарсадан тўғри ва оқилона фойдаланишларини сўраб қолган бўлардим.

 

Севара ЖАББОРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши “Ёш адолатчилар” қаноти фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+