Иншолар танлови Сирдарёда қандай ўтди?

27.03.2021 15:03:25

- Коррупцияга мен инсон ҳаётидаги қинғир йўл, дея тариф берган бўлар эдим. Чунки инсон ҳаётда яшар экан, унинг олдида қийинчиликларга тўла тўғри йўл ва енгил кўринган эгри йўл туради. Афсуски инсонлар ҳамиша ҳам тўғри йўлни танламайдилар. Ўз мақсадига осонгина эришишни хоҳлаганлар эса эгри йўлни танлаган ва коррупцияга мойиллардир, менинг назаримда, - дея ўз иншосини бошлайди Гулистон туманидаги 3-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Шаҳзода Эргашева.

У Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши томонидан ўтказилган иншолар танловининг вилоят босқичида иштирок этди ва ғолибликни қўлга киритди. Халима Худойбердиева номидаги ижод мактаби  мезбонлик қилган танловда туман ва шаҳарлардаги умумтаълим мактабларининг ўттиздан ортиқ ўқувчилари фаол иштирок этди. Бир кун давомида танлов шартлари билан танишган ўқувчилар ўз иншоларида  коррупциянинг нечоғлик хавфли иллат эканлиги турли хил ҳаётий мисоллар билан ифода қилинди.

Маҳоратли ҳакамлар ҳайъати томонидан ҳар бир иншо батафсил ўрганиб чиқилди ва адолатли қарорлар қабул қилинди. Танловнинг вилоят босқичи якуний хулосаларига асосан 6-11-синфларда тахсил олаётган олти нафар ўқувчи фахрли биринчи ўринни қўлга киритди. Яъни Гулистон туманидан Шаҳзода Эргашева, Ширин шаҳридан Дилноза Низомиддинова, Гулистон шаҳридан Нафосат Муҳаммадиева, Моҳигул Маматқулова, Сардоба туманидан Гавҳар Бўриқулова, Сирдарё туманидан Гўзал Рўзимуротова, Ховос туманидан Сабина Санжароваларнинг иншолари ҳакамларнинг эътирофига сазовор бўлиб, биринчи ўринга муносиб топилди. Ғолибларга партиянинг вилоят Кенгаши ва вилоят халқ таълими бошқармасининг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

 

 

Маҳфират ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят

Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+