Инсон тақдири ва ҳаётига даҳлдор ўзгариш

07.07.2022 09:07:56

Айни кунларда барчамиз “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги  Конституциявий Қонун лойиҳасинининг умумхалқ муҳокамасидан ўтаётгани жараёнининг гувоҳи бўляпмиз.

Бугунги кунда амалдаги Бош қомусни давр талаблари даражасига олиб чиқиш зарурати туғилганлигини, жаҳон сиёсий майдонида рўй бераётган бугунги ижобий ва салбий ўзгаришлар, айнан шундай йўл тутишимиз кераклигини юртбошимиз томонидан жорий йилнинг 20 июнь куни Конституциявий комиссия аъзолари иштирокида ўтказилган йиғилишда ҳам алоҳида таъкидлаб ўтди. Дарҳақиқат, ҳаётимизнинг бундан кейинги фаровонлашуви ушбу муҳим ҳужжатнинг ҳар томонлама пишиқ-пухта ишлаб чиқилишига кўп жиҳатдан боғлиқ.

Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамасига қўйилганида диққатимни тортган кўплаб долзарб ўзгартиш ва қўшимчалар орасида Асосий қонунимизнинг 24-моддасига  таклиф қилинаётган ўзгартиш диққатимни тортди. Сабаби, сўнгги пайтларда 2008 йилда бекор қилинган ўлим жазосини тиклаш ғояси айрим фуқароларимиз томонидан илгари сурилаётганлигини, бу фикр айниқса, ижтимоий тармоқлар орқали бот бот тилга олинишининг гувоҳи бўляпмиз.        

 1992 йилда қабул қилинган Конституциявий қонунда “Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир”, – деб келтирилган. Илоҳий манбаларимизда келтирилишича, инсонга яшаш ҳуқуқи Аллоҳ Таоло томонидан берилган бўлиб, ундан маҳрум қилиш энг оғир гуноҳ саналади. Қолаверса, дунё мамлакатлари тажрибасига қиёсий ҳуқуқшунослик нуқтаи назаридан қаралганда ҳам жазонинг оғирлиги ёки ўлим жазосининг мавжудлиги жиноятларнинг камайишига боғлиқ эмаслигини кўрсатди. Конституциянинг мазкур моддасини “Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг ажралмас ҳуқуқи бўлиб, қонун билан муҳофаза қилинади. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир. Ўзбекистон республикасида ўлим жазоси тақиқланади” – деб ўзгартириш яшаш ҳуқуқи инсоннинг ажралмас ҳуқуқи сифатида тан олинишга асос бўлиб, мамлакатимизда ўлим жазосини белгилаш ва тайинлашни кескин тақиқлайди. Бу билан давлатимиз бу ўта жиддий масалада ҳеч қачон ортга қайтмаслигини, гуманизм ғояларига содиқ эканлигини бутун дунёга яққол намоён қилади.

Мазкур ўзгаришнинг Конституциявий Қонун даражасига кўтарилиши билан маънавият, ахлоқий тарбия, жиноятчиликнинг олдини олишга барчанинг дахлдорлик ҳиссини оширади, ҳар бир жамият аъзосининг атрофида яшаётган тартибсизлик содир қилаётган, ҳуқуқбузарлик кўчасига кираётган одамларга

нисбатан бефарқ бўлишининг олдини олади. Чунки оғир жиноят содир этган киши бир умрга ёки узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилар экан, бундай тақдирни ҳеч ким бировга раво кўрмайди, демак жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар олди олиниши учун жамоатчилик назорати ўрнатилади, жамоавий равишда зарурий чоралар қўлланилади.

Қолаверса, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, амалга оширилаётган барча саъй-ҳаракатлар, инсон қадрини юксалтиришга қаратилган экан, Бош қомусимизга киритилаётган ушбу ўзгартиришнинг негизида Ўзбекистонда кечаётган ислоҳотлар моҳиятини белгиловчи “Инсон қадри учун” улуғвор ғояси ётганлигини кўришимиз мумкин.

Марҳабо ПАРДАЕВА,

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати,

Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+