Инсон, жамият ва давлат тамойилига асосланган таклифлар

20.06.2022 10:06:32

Айни кунларда юртимизда мамлакатимизнинг бош қомуси ҳисобланган Конституциямизга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш буйича кенг жамоатчилик фаоллигида ишлар амалга оширилмоқда. Конституциявий ислоҳотларни амалга оширишда кенг жамоатчиликнинг фаоллиги, унинг янада халқчил ғоялар билан тўлишиб боришига хизмат қилади.

Жамият ва давлат қурилиши тизимини такомиллаштириш ва “Инсон қадри учун” тамойили асосида "Жамият - ислоҳотлар ташаббускори бўлиши керак" деган халқчил ғояни ҳаётга татбиқ этиш борасида амалга оширилаётган ишлар - халқ манфаати йўлидаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми эканлигини кўрсатмоқда.

Ўтган қисқа вақт мобайнида Конституциявий комиссияга Meningkonstitutsiyam.uz портали ҳамда махсус Telegram-бот ва колл-марказ орқали фуқароларимиздан келиб тушаётган таклифлар, уларнинг охирги йилларда  мамлакатимизда халқимиз билан бамаслаҳат амалга оширилаётган ислоҳотларга бўлган ишонч ва дахлдорлик ҳиссининг ортаётганлигидан далолат беради.

Мазкур Конституциявий ислоҳотлар жараёнида Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси ҳам ўз электорати вакиллари ва депутатлик корпуси билан биргаликда фаол иштирок этмоқда.

Партиямиздан сайланган депутатлар ва фаолларимиз, "Аёллар" ва "Ёшлар" қаноти вакиллари томонидан бошланғич партия ташкилотлари ва маҳаллаларда давра суҳбатлари, таклифларни эшитиш ишлари ўтказилиб келинмоқда. Аҳоли томонидан билдирилаётган таклифлар таҳлили шуни кўрсатмоқда-ки, бугун фуқароларимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётга бўлган қизиқиши ортган, улар ўз фарзандларининг мукаммал илм-билим эгаллаши, жамиятда умуминсоний қадриятларнинг янада юксалиб бориши ва мамлакатимизнинг ҳар томонлама тараққий этишини ният қилган.

Албатта, мана шундай эзгу ниятлар асосида билдирилаётган таклифлар, асосий қомусимиз мукаммаллигига хизмат қилиши аниқ.

Мана шу ўринда айрим таклифларга тўхталиб ўтсам.

Бугун бутун дунё бўйлаб кечаётган глобал экологик муаммолар, бизнинг ҳар биримиздан, табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлишни тақозо этмоқда. Конституциямизнинг экологияга оид 50-моддаси асосида фуқароларнинг атроф табиий муҳитга оид бурч ва мажбуриятлари акс этган, фуқароларнинг экологик бурч ва мажбуриятлари бобини яратиш бугунги давр талаби.

Ёшлар бугунги биз амалга ошираётган бунёдкорлик ишларининг эртанги давомчилари. Шунинг учун ҳам бугунги кунда ҳар бир соҳада ёшларимизнинг катта авлод вакиллари билан қатор иштирокини таъминлашга эътибор кучаймоқда. Айниқса, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида ёшларимиз фаоллиги ортиб бормоқда. Бугунги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида "Ёшлар парламенти"нинг тузилганлиги сўзимиз исботи. Демак, ёшларимизнинг мамлакатимизда қонун ижодкорлигидаги фаоллигини қўллаб-қувватлаш мақсадида, конституциямизга "Ёшлар парламенти"га оид моддаларни ҳам киритиш мумкин.

Асосий қомусимизнинг  XXI- боби "Маҳаллий давлат ҳокимияти асослари" деб номланган.

Ушбу боб номини "Маҳаллий давлат ҳокимияти асослари ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари" деб номлаш ва ФЎЎБО фаолияти билан боғлиқ моддалар киритишни ҳам даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Партиямиз фаоллари томонидан таклифлар бериш бўйича яратилган имкониятлар асосида, дастурий вазифаларимиздан келиб чиқиб, суд-ҳуқуқ тизими, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида ҳам таклифлар билдирилмоқда.

Энг Асосийси "Жамият- ислоҳотлар ташаббускори бўлиши керак" деган халқчил ғоя бугун ўз тасдиғини топмоқда.

 

Нурлыбай ҚАИПБЕРГЕНОВ,

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+