Инсонпарварлик руҳи устувор

22.07.2022 10:07:26

Шу кунларда мамлакатимизда Ўзбекистон Республикасининг бош қонуни, ҳуқуқ ва эркинликларимиз кафолати бўлган Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича ишлаб чиқилган Конституциявий қонун лойиҳасининг муҳокамаси давом этмоқда. Бу муҳим сиёсий жараёнда аҳолининг барча қатламлари вакиллари иштирок этаётганликлари диққатга сазовордир. Бу муҳим ҳужжат билан жамоамиз аъзолари ҳам қизиқиб танишдилар. “Адолат” СДП Учқўрғон туман Кенгаши раиси Нигора Болтабоева ва бир гуруҳ фаоллари бизга Асосий қонунга киритилаётган ўзгартиришлар ва қўшимчалар ҳақида батафсил сўзлаб бердилар. Ходимларимиз ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олдилар.

Жамоамизнинг асосий вазифаси аҳолининг эҳтиёжманд қисмини тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатиш. Шунинг учун биз янгиланаётган Бош қомусда ижтимоий ҳимоя масалаларига катта эътибор қаратилганидан мамнун бўлдик. Конституцияда давлатнинг зиммасидаги вазифалар қатори фуқароларнинг бу борадаги  ҳуқуқлари ва бурчлари аниқ белгилаб берилгани мақсадга мувофиқ бўлган.

Президентимиз Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда таъкидлаганидай,  бугунги кунда юртимизда 1 миллионга яқин имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган фуқароларимиз ҳаёт кечирмоқда. Сўнгги йилларда мамлакатимизда имконияти чекланган фуқароларимизни қўллаб-қувватлаш, уларга кенг шароитларни яратиш борасидаги давлат сиёсати мутлақо янги босқичга кўтарилмоқда. Энди, ногиронлиги бўлган инсонлар – жамиятнинг тўлақонли аъзолари, деган тамойил негизида уларнинг конституциявий ҳуқуқ ва кафолатларини белгилаб қўйиш инсоний бурчимиздир. Жумладан, «Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар қандай ажратиб қўйиш, уларнинг ҳуқуқларини чеклаш, объектлар ва хизматлардан фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратишдан бош тортиш тақиқланади. Давлат уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини амалга ошириш учун зарур шароитларни ва тенг имкониятларни яратади. Алоҳида эътиборга муҳтож бўлган болалар учун таълим ташкилотларида инклюзив таълим ташкил этилиши ҳам кўзда тутилган.  Инсонпарварлик ғояларининг бундай устувор ифода топганидан ҳаммамиз хурсанд бўлдик.

Шу ўринда мамлакатимизнинг бошқа минтақалари каби Наманган вилоятида ҳам тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганлигини айтиб ўтиш лозим. Бундай эзгу ишларга  бўлимимиз ходимлари ҳам самарали ҳисса қўшмоқдалар. Жамоамизда йигирма ходим меҳнат қилади. Улар ўзларига бириктирилган 170 нафар якка-ёлғиз ногиронлар ва пенсионерлардан белгиланган жадвал бўйича хабар олиб турадилар.  Зарур тиббий ва ижтимоий хизматлар кўрсатиб келинмоқда. Ўн кишига давлат томонидан ажратилган 19 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам ўз вақтида етказиб берилмоқда.

Гулбаҳор АБДУРАҲИМОВА,

Учқўрғон туман тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бўлими бошлиғи,

"Адолат" фаоли

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+