Иқлим ўзгаришлари оқибатларини юмшатиш йўлидаги даъват

10.03.2021 12:03:46

ХХ асрда ишлаб-чиқариш кучларининг жадал суратлар билан ўсиши, табиий ресурслардан оқилона фойдаланмаслик, қишлоқ хўжалигини ривожланиши ва янги ерларни ўзлаштириш натижасида атмосферага зарар етиб экологик мувозанатнинг бузилиши натижасида экологик танглик юзага келди. Экологик тангликлар ўз навбатида авж олиб, сайёрамизнинг баъзи минтақаларида норозилик ҳаракатларини келтириб чиқарди. Экологик тангликнинг тинмай кучайиб бориши иқлим билан боғлиқ жиддий муаммоларни келтириб чиқаришига сабаб бўлмоқда. Бундай танглик ва ҳалокатларни келтириб чиқарувчи иккита омил мавжуд. Биринчиси ер сайёрамизни геологик қатламларини табиий холда эволюцион ҳаракатланиши, иккинчиси, антропоген омиллар яъни инсон омилининг таъсири билан боғлиқ бўлган жараёнлардир.

Биринчи омилдаги мураккаб геологик ҳаракатлар миллион йиллар давомида содир бўлса, иккинчи омил эса инсон фаолияти билан боғлиқ бўлиб қисқа ва тез муддатда содир бўлмоқда. Орол денгизи ҳавзаси ҳудудидаги иқлим ўзгаришларининг асосий сабаби сифатида асосан икки омилни келтириб ўтишимиз мумкин. Ҳозирда фалокат ёқасида турган Орол денгизи бир неча миллион йиллар аввал Каспий денгизи ва Қора денгиз билан биргаликда қўшилган, дунё океанининг бир қисми бўлган.

Атроф-муҳитнинг фожеавий ўзгариши натижасида Орол бўйининг флора ҳамда фаунасида катта йўқотишлар юзага келди. Яқин-яқинларгача ўзининг улкан биохилма-хиллиги билан машҳур бўлган Оролбўйи минтақасида ўсимликлар ва ёввойи ҳайвонлар тури кескин камайиб бормоқда, жумладан, сут эмизувчиларнинг 12, қушларнинг 26 ва ўсимликларнинг 11 тури буткул йўқ бўлиш хавф остида турибди ва улар “Қизил китоб” рўйхатига киритилганлиги ачинарли ҳолат. 

Орол танглиги инсоният тарихидаги энг йирик экологик ва гуманитар фожеалардан биридир. Денгиз ҳавзасини атрофида яшайдиган қарийб
35 миллион киши унинг таъсирида қолди.

Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистоннинг Орол фожиасининг кучли таъсири остида қолган минтақаларининг аҳолиси ҳар куни сув ресурслари етишмаслиги, ичимлик суви сифатининг пасайиши ва тупроқ таркибининг бузилиши, иқлим ўзгариши сабабли ушбу ҳудудларда яшаётган  фуқаролар аҳолининг турли касалликларга чалиниш ҳолатлари кўпайиб бораётгани билан боғлиқ ижтимоий-иқтисодий ва демографик муаммоларни бошдан кечирмоқда.

Экологик вазиятнинг ёмонлашуви ўз навбатида минтақа иқтисодий кўрсаткичларининг кескин пасайиб кетишига олиб келди. Экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Орол фожеасининг салбий омиллар таъсири натижасидаги йиллик иқтисодий зарари юзлаб миллион долларни ташкил қилади. Юз минглаб кишилар тақдири минтақадаги муаммоларнинг ҳал қилинишига боғлиқ. Шундан келиб чиқиб сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳаётий катта аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаш керак.

Орол инқирозининг атроф-муҳит ва бу ерда яшаётган миллионлаб аҳоли ҳаётига ҳалокатли таъсирини, хусусан, пухта ўйланган, аниқ манзилли ва тегишли молиялаштириш манбалари билан таъминланган лойиҳаларни амалга ошириш орқали камайтириш бугунги куннинг энг долзарб масаласидир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда “Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси ҳам бу борада алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, унда глобал иқлим ўзгаришлари ва Орол денгизи қуришининг қишлоқ хўжалиги ривожланиши ҳамда аҳолининг ҳаёт фаолиятига салбий таъсирини юмшатиш бўйича тизимли чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалиётга  самарали жорий этиш лозимлиги кўрсатиб берилди.

2017 йил 19 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти сўзлаган нутқида “Бугунги куннинг энг ўткир экологик муаммоларидан бири-Орол ҳалокатига яна бир бор эътиборингизни қаратмоқчиман. Мана, менинг қўлимда-Орол фожеаси акс эттирилган харита. Ўйлайманки, бунга ортиқча изоҳга ҳожат йўқ. Денгизнинг қуриши билан боғлиқ оқибатларни бартараф этиш халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатларни фаол бирлаштиришни тақозо этмоқда. Биз БМТ томонидан Орол фожеасидан жабр кўрган аҳолига амалий ёрдам кўрсатиш бўйича шу йил қабул қилинган махсус дастур тўлиқ амалга оширилиши тарафдоримиз” – дея таъкидлаганлиги ҳам бугунги кунда иқлим ўзгаришларининг оқибатларини юмшатишга замонавий ва халқаро ёндашувнинг зарурлигини кўрсатиб берди.

Қолаверса, жорий йилнинг 4 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг видеоанжуман шаклида ўтказилган 14-саммитида давлат раҳбари экология ва глобал иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ муаммолар оқибатларини минтақамизда, жумладан, Оролбўйи ҳудудида яққол сезилаётганлиги ва бу масалага ижобий ечим топиш бўйича барча
саъй-ҳаракатларни ўзаро бирлаштириш лозимлиги ва бу борада жаҳон ҳамжамиятини бирдамликка чорлади.

 

Умида БЎРОНОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Фориш туман Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+