Ишонч ва эътирофга сазовор депутат

18.07.2024 15:07:52

Халқ дардини эшитиш, одамларнинг муаммоларини  ҳал  қилишга  кўмаклашиш, ижтимоий масалаларнинг ижобий ечим топиши ўша  ҳудуддан  сайланган  депутатнинг асосий вазифаси ҳисобланади. Ҳақиқий депутат ҳудудидаги сайловчиларининг муаммо ва таклифларини ўрганиб, қонуний ҳал этилишида жонбозлик кўрсатиши лозим.  Партиянинг Ховос туман Кенгаши депутатлигига Бинокор маҳалласидан сайланган  Бахтиёр Худойбердиев сайловчилари ишончини қозонган депутатлардан бири.

Депутат томонидан 2021 йилда Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаевга юборган  мурожаат хати натижасида чекка ҳудудда жойлашган ушбу маҳаллани энг обод маҳаллага айланиши учун тизимли ишлар қилинди. Ҳудуднинг «Обод маҳалла» дастурига киритилмасидан вилоят ҳокими томонидан  махсус дастур тайёрланиб, мавжуд имкониятлардан келиб чиққан ҳолда маҳалла инфратузилмаси яхшилаш бўйича масъул раҳбарларга тегишли топшириқлар берилди.

Ушбу дастур асосида маҳаллада 120 ўринли ДМТМ қурилиб фойдаланишга топширилди. Натижада муассасага маҳалладаги боғча ёшидагилар  тўлиқ қамраб олиниб, замонавий, қулай ва шинам шароитларда таълим олиши йўлга қўйилди. Шу билан бир қаторда маҳалла аҳолисининг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун спорт майдончаси қурилгани ҳам алоҳида эътирофга сазовордир.

Бундан ташқари, маҳаллада жойлашган 18-умумтаълим мактаби 4 миллиард  600 миллион сўм маблағ эвазига  капитал реконструкция қилиниб, замонавий мебель жиҳозлари  билан таъминланди. Маҳалланинг  Бинокор, Ҳамроз, Пиллакор кўчаларига асфальт қопламаси ётқизилди. Ичимлик суви ва суюлтирилган газ таъминоти масалаларидаги камчиликлар бартараф этиш масаласида 1 та  сув минораси ва аҳолига қўшимча суюлтирилган газ баллонлари тарқатилди. Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғига қилинган депутатлик сўрови асосида  МФЙ ҳудудидаги зовурнинг 1 км қисми тозаланди.

Депутат томонидан маҳалла еттилиги билан  «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари», «Аёллар дафтари»га кирган аҳолига яқиндан ёрдам кўрсатилмоқда.  Нуронийлар билан маҳалладаги хар бир масалада маслаҳатлашиб,ижобий ҳал қилишга ҳаракат қиляпти. Хусусан 2-гуруҳ ногирони Комила  Ҳайдарова даволаниши масаласида  ордер олиб бериб, шифохонада имтиёзли даволанишга эришилди. Шундай фуқаролардан Нигора Маматқулова   ногиронлик нафақасига чиқишда қийналаётгани юзасидан қилган  мурожаати  ижобий ҳал қилиниб,  нафақага чиқарилди. Маҳалла ёшларини  ижтимоий  қўллаб-қувватлаш масаласида Севара Бекқулова ва Лобар Жўрабекованинг тўлов-шартнома пули тўлаб берилди. Ушбу қилинаётган ишларнинг барчаси маҳалла аҳолисининг турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилди.

Депутатнинг ўз сайлов округида ҳурмати ва обрўси баланд эканига суҳбат чоғида амин бўлдик.   Бундан кўринадики, бу йилги сайловларда фуқароларнинг  депутатга ишончи баландлиги, Бахтиёр Худойбердиевни   депутатликка қайта сайлашларига  туртки бериши турган гап. Депутат – халқ вакили. У одамлар дардини тинглаш, халқнинг меҳрини қозониш, ишончини оқлаш учун сайланган. Бугун одамлар орасига кирмай, улар билан мулоқот қилмай жойлардаги муаммоларга ечим топиб бўлмаслиги аниқ.

 

«Адолат» СДП 

Сирдарё вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати

 

 

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+