Ишонч ва интилувчанлик рағбати

01.07.2024 11:07:46

Қувасой шаҳридаги умумтаълим мактабларини  жорий ўқув йилида 1002 нафар битирувчи тамомлаган бўлса, шундан 37 нафарига олтин медаль, 10 нафарига эса кумуш медаль олиш насиб этди.

Шаҳар ҳокимлигида ўқишни муваффақиятли тамомлаган ўқувчи-ёшлар билан ўтказилган учрашувда ҳоким Зафаржон Тўрақулов, унинг Ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Алишер Мамажонов, Халқ депутатлари шаҳар Кенгаши депутати Мўсинжон Меҳмонов, шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ходимлари, мактаб директорлари, ўқитувчилар ва ота-оналар иштирок этишди.

Дастлаб, Зафаржон Тўрақулов битирувчи-ёшларга қўлга киритган мустақил ҳаёт остонасидаги илк ғалабаси билан қутлади ҳамда   қувасойликларнинг ана шундай юксак ишончига доимо муносиб бўлиши, ўз олдига юқори мақсадлар қўйиши ҳамда доимо юксакликка интилиб яшашида омад ёр бўлишини тилади.

–Шундай иқтидорли ёшларимиз ҳар доим билим ва кўникмаларини мунтазам ошириб борса, янги касб-ҳунарларни эгаллашга интилиб, энг асосийси, ўз мақсади сари тинмай ҳаракат қилса, келгусида юксак муваффақиятларга эга бўлиши муқаррар, - дейди Халқ депутатлари Қувасой шаҳар Кенгашига сайланган депутат  Мўсинжон Меҳмонов. -Шу фурсатдан фойдаланиб, уларнинг барчасига жамиятда ўз ўрнини  топиши, Ватанга муносиб фарзанд бўлиши ва бахтли саодатли яшаши учун  билим ва ҳаракатдан тўхтамаслигини истаб қолардим.

Самимий мулоқотдан  сўнг, шаҳар ҳокими Зафаржон Тўрақулов ҳамда депутат Мўсинжон Меҳмоновлар битирувчи-ёшларга олтин ва кумуш медалларни, уларнинг ота-оналарига ҳокимлик  ташаккурномаларини тантанали равишда топширишди.

 Гулчеҳра АҲМЕДОВА,

 «Адолат» СДП

Фарғона вилоят Кенгаши

         Матбуот котиби    

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+