Ишонч ва масъулиятни оқлаш, унга муносиб бўлиш бахти

02.07.2021 11:07:55

Азиз тенгдошларим! Барчангизни юртимиз ҳаётидаги қутлуғ байрам – Ёшлар куни билан самимий табриклаб, ўзимнинг чуқур меҳрим ва эзгу тилакларимни билдиришдан ғоят мамнунман.

Бугунги кунда мамлакатимизда янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда азму шижоатли биз ёшларнинг ўрни ва таъсири тобора ортиб бораётгани ҳаммамизни қувонтиради.

Ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларида, Ватан ҳимоясидек шарафли вазифани адо этишда миллионлаб биздек ёшлар садоқат ва фидойилик билан хизмат қилмоқда. Сиёсий савияси етук, мустаҳкам фуқаролик позициясига эга юзлаб йигит-қизлар парламентимиз ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг аъзоси сифатида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий ҳокимият идораларида раҳбарлик лавозимларида фаолият кўрсатмоқда.

Биргина Пастдарғом туманимизда самарали ишлаётган мингга яқин ёш тадбиркор ва фермерлар, моҳир ҳунармандлар иқтисодиётимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда. Юртимизда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун зарур шароитлар яратилмоқда. Шу билан бирга, “Ҳар бир ёшга – бир гектар” лойиҳаси бўйича туманимизда ёш деҳқонларга ер ажратилди.

Фурсатдан фойдаланиб, оғир синов кунларида халқимизга ҳақиқий таянч ва суянч бўлиб майдонга чиққан Қуролли кучларимизнинг сафларида хизмат қилаётган мард ва матонатли ҳарбий ёшларимизга, жонкуяр шифокорлар, бунёдкор қурувчилар, саховатли тадбиркорларимизга, илм-фан, маданият ва спорт соҳасидаги вакилларига, барча Ўзбекистон ёшларига чин қалбимдан миннатдорчилик билдираман.

Ватанимиз, эл-юртимиз сизлар каби фидойи ва жасур фарзандлари билан ҳамиша фахрланади!

Бугунги кунда замонавий илм-фан ва юқори технологияларни мукаммал эгаллаш ҳар қандай давлат ва жамият тараққиётининг ҳал қилувчи шартига айланиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Ана шу ҳақиқатни чуқур англаган ҳолда, биз навқирон авлодимизнинг ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан баркамол бўлиб вояга етиши учун бор куч ва имкониятларни сафарбар этмоқдамиз.

Бугунги шиддатли замонда, глобал миқёсда рақобат кучайиб бораётган мураккаб вазиятда юксак интеллектуал салоҳиятга эга кадрларга эҳтиёж ҳар қачонгидан ҳам ортиб бормоқда. Шу боис биз ўз олдимизга қўйилган улкан ва масъулиятли вазифалардан келиб чиқиб, мамлакатимиз олий таълим тизимида туб ўзгаришларни амалга оширмоқда.

Барчамиз гувоҳмиз – бугун дунё мисли кўрилмаган суръатлар билан кескин ўзгариб бормоқда. Ижтимоий ҳаётимизда кўплаб ижобий жараёнлар билан бирга, ёш авлоднинг қалби ва онгини эгаллашга қаратилган маънавий таҳдидлар ҳам тобора хавфли тус олмоқда.

Бундай мураккаб вазиятда ёшларни зарарли таъсирлардан асраш, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшаш лозимдир.

Тенгдошларим она Ватанимизга, мустақиллик ғояларига муҳаббат ва садоқат руҳида тарбияланиш, уларнинг истеъдод ва қобилиятини, эзгу интилишларини рўёбга чиқариш йўлида бошлаган катта ишларимизни бундан буён ҳам қатъият билан давом этиши лозим.

Бугун жонажон Ўзбекистонимизда эркин ва обод, фаровон ҳаёт қуриш йўлида биз бошлаган улкан ишларни давом эттиришга қодир бўлган янги авлод шаклланмоқда.

Азиз ака-укаларим ва опа-сингилларим, ҳеч қачон унутманг, халқимиз, Ватанимиз сизлардан буюк ишларни кутмоқда.

Шу муқаддас ишонч ва масъулиятни ҳар томонлама оқлаш, унга муносиб бўлиш – дунёдаги энг улуғ бахтдир. Шундай бахт, шундай шараф барчангизга насиб этсин!

Бизларни севимли байрамимиз, азму шижоат, гўзаллик ва камолот айёми – Ёшлар куни билан яна бир бор самимий табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад тилайман.

 

Тоҳир УСАРОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги “Ёшлар парламенти” аъзоси

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+