Ишончли вакил “Чандир” қишлоғига ташриф буюрди

04.10.2021 12:10:25

Халқимизда   “Қаторингда норинг бўлса, юкинг ерда қолмайди” деган ҳикмат бежиз айтилмаган.  Сайловолди кенг қамровли ташвиқот вақтида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сайловчилар билан учрашувларда ишончли вакиллар ёрдамига эҳтиёж сезади. Негаки, у Президент этиб сайланиши учун халқ орасида номзоднинг манфаатини ҳимоя қилади.

Президентликка номзоднинг ишончли вакили Ораста Ташеванинг  бугун Миришкор туманидаги “Чандир” маҳалласи аҳолиси билан учрашувлар ҳам ғоят самарали кечди.

Дарвоқе, “Чандир” қишлоғида азал-азалдан кўп миллатли фуқаролар яшайди. Кўпроқ туркман миллатига мансуб юртдошларимиз умргузаронлик қилаётган кўҳна “Чандир” элидан республикамизга таниқли олимлар, зиёлилар, иқтисодчилар, санъаткорлар етишиб чиққан. Халқи ҳунарманд, меҳнаткаш,  саводхон бўлгани учун ҳам ишончли вакил билан учрашув савол-жавоблар асосида қизиқарли ўтди.

Учрашувда Ораста Ташева номзоднинг дастурида илгари сурилган  адолатли жамият барпо этиш, коррупциянинг ҳар қандай кўринишларини йўқотиш, давлат бошқарувида фуқаролар иштирокини кенгайтириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, қонун устуворлиги, таълим, тиббиёт соҳаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилганини қайд этди. Бундан ташқари, дастурда, аёллар ва ёшларнинг бандлигини таъминлаш, иқтисодиёт тармоқларини кескин ривожлантириш, ижтимоий адолат мезонларига риоя этилиши учун тинимсиз фаолият олиб бориш каби бир қатор ғоялар ҳам устувор вазифа этиб белгилангани учрашувда ишончли вакил томонидан халққа тушунтирилди.

Худди шу каби тарғибот тадбирлари Касби туманида ҳам уюштирилди. Юзма-юз мулоқот шаклида бўлиб ўтган учрашувлардан одамлар Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Баҳром Абдураҳимович Абдуҳалимовнинг Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар мазмун моҳиятидан бохабар бўлишди.

-Бу каби учрашувлар мен каби барча иштирокчиларда яхши таассурот қолдирди,-деди партия фаоли Тўлқин Хидиров.—Ишончли вакил томонидан аввал номзоднинг дастурида кўзда тутилган вазифалар ҳақида батафсил тушунча берилаётгани, сўнгра учрашувлар савол-жавоблар тарзида кечаётгани менга ёқди. Тўғриси, менга Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Баҳром Абдураҳимович Абдуҳалимовнинг Сайловолди дастури жуда чуқур, мукаммал, халқчил  ишлаб чиқилганлиги билан маъқул  бўлди. Мен ҳамма жойда адолат, қонун устувор бўлишини хоҳлайман. Президентликка номзоднинг дастурида бу масала асосий вазифа этиб белгиланган. Шу сабабли мен 24-октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сифатида “Адолат” СДП кўрсатилган Баҳром Абдураҳимович Абдуҳалимовга овоз бераман. Юртдошларимизни ҳам Баҳром Абдуҳалимовга овоз беришга чақираман.

                                                                       Руиддин Раупов,

                                                                       Гулноза Раджабова,

                                                                       Комил  Сахатов,

                             “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши  фаоллари

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+