Ишончли вакил иштирокидаги очиқ мулоқотлар

29.09.2021 12:09:54

“Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Баҳром Абдураҳимович Абдуҳалимовнинг фаолияти ҳамда унинг сайловолди дастурида белгиланган асосий мақсад ва вазифалар билан сайловчиларни таништириш мақсадида номзоднинг Жиззах вилоятидаги ишончли вакили, партиянинг Жиззах вилоят кенгаши раиси Ориф Шукуров фуқаролар билан учрашиб, улар билан очиқ мулоқотлар ташкил этмоқда.

Мана шундай учрашувлардан бири Шароф Рашидов туманидаги 11-сонли умумтаълим мактабида бўлиб ўтди. Мазкур тадбирда педагоглар, ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи фуқаролар, партия фаоллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Ишончли вакил дастлаб тўпланганларни Президентликка номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди. Сўнгра Баҳром Абдуҳалимовнинг  сайловолди дастури ҳақида сўзлаб, унинг мазмун-моҳиятини  таърифлаб берди. Олға сурилган асосий йўналишларга ҳам тўхталди.

Таъкидланишича, номзоднинг сайловолди дастурида  фуқаролар, айниқса, аёллар ва болалар ҳуқуқ-манфаатларини кафолатлаш, жамиятда адолат устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотларни жадаллаштириш, прокуратура, адлия органлари ва суд ходимлари ўртасидаги ижтимоий тенгсизликни тугаташ, таълим тизимида кечаётган тарқоқликлардан, қарама-қаршиликлардан воз кечиш учун Мактабгача таълим, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликларини ягона – Таълим вазирлигига айлантириш, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, хотин-қизларни, айниқса, қишлоқ жойлардаги қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш масалалари муҳим вазифа сифатида ўрин олган.

-Биз сайловчилар учун бугунги сайловолди учрашувида иштирок этиш ва номзоднинг дастури билан яқиндан танишиш, албатта, ниҳоятда муҳим масаладир, дейди – тумандаги 11-умумтаълим мактаби директори Ҳосият Жўраева. - Сайловолди дастурида хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, таълим, тиббиёт соҳаларига оид муҳим масалаларнинг илгари сурилаётгани бизни янада қувонтирди.

Учрашув якунида сайловчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.

“Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+