Ишончли вакил ўз фаолиятини бошлади

22.09.2021 16:09:16

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тобора яқинлашмоқда. Бошқа партиялар қатори “Адолат” СДП ҳам тарғибот-ташвиқот тадбирларини бошлаб юборди. Наманганда Президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг вилоятдаги ишончли вакили – “Адолат” СДП вилоят Кенгашининг раиси Исроилжон Жўраев ҳам ўз вазифасини бажаришга киришди.

Шу муносабат билан ўтказилган йиғилишда фаоллар, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг депутатлари, ОАВ вакиллари иштирок этдилар.  Президентликка номзод ишончли вакилининг иш режаси кўриб чиқилди ва тасдиқланди. Кўзда тутилган тадбирларни амалга оширишда, тарғибот-ташвиқот ишларида фаолларнинг қатнашишига алоҳида эътибор қаратилди.

– Маълумки, сайловчилар билан мулоқотларда кўп нарса воизнинг нотиқлик санъатига ҳам боғлиқ, - дейди вилаят партия Кенгаши раисининг ўринбосари Баҳодир Болтабоев. – Шунинг учун биз тадбирга Наманган давлат университети доценти, психология фанлари номзоди Мўътабар Мақсудовани таклиф қилдик. У сайловчилар билан ишлашнинг таъсирчан усуллари, мулоқот маданияти ҳақида маъруза ўқиб берди. Бу барчага маъқул тушди.

Йиғилишда “Адолат” СДП вилоят Кенгаши қошидаги сайловолди штаби фаолиятига оид масалалар ҳам муҳокама қилинди ва янги вазифалар белгиланди. Поп, Чуст, Тўрақўрғон туманлари партия кенгашларининг раислари Зафаржон Ҳасанов, Бекзод Сиддиқов, Заҳрохон Аҳмедова кун тартибидаги масала юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот хизмати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+