Ишончли вакил учрашувлари давом этмоқда

30.09.2021 12:09:58

Навоий вилояти Учқудуқ туманида “Адолат” СДПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзод Абдуҳалимов Баҳром Абдураҳимовичнинг вилоятимиздаги ишончли вакили Рустам Хайитовнинг сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда партия фаоллари, туман аҳолиси, кенг жамоатчилик ва oммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбирда аввалида ишончли вакил томонидан номзоднинг таржимаи ҳоли ҳамда меҳнат фаолияти тўғрисида иштирокчиларга батафсил маълумот берди. Шундан сўнг Президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг сайловолди дастуридан ўрин олган масалаларга батафсил тўхталди.

Учрашув давомида партия дастурий ғоя ва мақсадлари, айниқса, таълим, соғлиқни сақлаш, суд-ҳуқуқ каби соҳаларни ислоҳ этишга қаратилган ташаббуслари қизғин кутиб олинди.

Тадбирда маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия фаоллари, ёшлар, таълим соҳаси вакиллари партия номзоди ва унинг сайловолди дастурини қўллаб-қувватлаб ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

-Учинчи Ренессанс пойдевори қўйилмоқда, – дейди сўз олган Барчиной Исматова. –   Янги Ўзбекистонни қуриш, ислоҳотларни ҳаётга изчил татбиқ этишда ўқитувчилар ҳал қилувчи ўринни эгаллайди.  Ўқитувчининг ҳуқуқий мақомини ҳамда уларнинг иш ҳақини ошириш барча соҳа вакилларининг юрагидаги муҳим масала дастурингиздан ўрин олган. “Ўқитувчининг мақоми тўғрисида”ги қонун тезроқ қабул қилиниши шарт.

Шунингдек, тадбир иштирокчилари номзоднинг ишончли вакили Р.Хайитовдан ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоблар олишди.

Учрашув сўнгида партия ғояларини аҳоли ва сайловчиларга кенг тарғиб қилиб келаётган бир гуруҳ фаолларга партиянинг ташаккурномаси ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

“Адолат” СДП дан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг Навоий вилоятидаги ишончли вакили Рустам Хайитовнинг сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда.

 

Гулнисо ҚУДРАТОВА,

Ўзбекистон  “Адолат” СДП

Учқудуқ туман Кенгаши раиси

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+