Иштихонликлар сайловда фаол иштирок этишга қарор қилди

29.09.2021 10:09:53

 

“Адолат” социал-демократик партияси Иштихон туман Кенгаши томонидан “Адолат ҳар бир инсон учун” шиори остида сайловолди тарғибот-ташвиқот тадбири бўлиб ўтди. Партия вилоят, туман кенгаши ходимлари, маҳаллий Кенгаши депутатлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, кенг жамоатчилик, партия кўнгилилари иштирок этган ушбу тадбирда аҳолида жамиятимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга нисбатан дахлдорлик ҳиссини ошириш, партиянинг дастурий ғоя ва мақсадларини омма орасида кенг тарғиб қилишга эътибор қаратилди.

Партиянинг Иштихон туман Кенгаши М.Раҳимов, партия вилоят Кенгаши ўринбосари А.Холиқов, туман Кенгаши депутати Ф.Абдураззоқовлар жорий йилнинг 24-октябр санасида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президентлиги сайловига партиямиздан номзод Баҳром Абдуҳалимовни таржимаи ҳоли ҳамда дастуридаги устувор йўналишлар ҳақида йиғилганларга маълумотлар берди. Номзоднинг ҳаёти ва меҳнат фаолияти, илмий-ижодий ишлари, унинг дастурида кўтарилган ҳаётбахш ғоялар йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди.

Ҳафиза Уроқова, Иштихон туманидаги 67-мактаб ўқитувчиси:

 - Номзоднинг сайловолди дастурида Мактабгача таълим, Халқ таълими, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирликларини ягона – Таълим вазирлигига айлантириш масаласи кўтарилган жуда катта аҳамиятга эга. Ушбу учта вазирликни бирлаштириш натижасида соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларга ўзининг ижобий самарасини яққол намоён  этиши учун йўл очади. Уч вазирлик орасидаги бўшлиқни тўлдирувчи кўприк бўлади ва таълим соҳаси натижалари янада яхшиланади. Вазирликларнинг битта иш тизимида биргалашиб ҳамкорликда фаолият юритиши соҳани янада ривожига асос бўлади. Ўз сиёсатлари ва дастурларини татбиқ қилиш ишларида самарали мувофиқлаштиришни таъминлайди.

Муталлиб Раҳимов, партиянинг Иштихон туман кенгаши раиси:

 - Янгиланаётган Ўзбекистондаги янги сайлов жараёни биз учун катта синов ва масъулият. Чунки, мазкур сайлов партиямиз учун мамлакатимиз сиёсий майдонида ўз ўрнини янада мустаҳкамлаши, электоратимизнинг манфаатларини ифодалаш имконини берганлиги билан аҳамиятли бўлади, албатта. Биз бундан буён ҳам сайловчиларга берган ваъдаларимиз устидан чиқишга, сайловолди дастурларимизда белгиланган мақсад-вазифаларни амалиётга татбиқ этишга, электоратимиз манфаатларини қатъий ҳимоя қилишга бор куч ва имкониятларимизни сафарбар қиламиз. Аминмизки, партия электоратини ўйлантираётган муҳим муаммоларни кўтариб чиқиб, уларни ҳал қилишнинг қонуний ечимларини кўрсата олсак, албатта партиямизга, қолаверса, партиямиздан кўрсатилган номзодга нисбатан сайловчилар ишончи мустаҳкамланади.

Шу билан биргаликда тарғибот тадбири давомида партия дастурий ғоя ва мақсадлари, айниқса, таълим, соғлиқни сақлаш, суд-ҳуқуқ каби соҳаларни янада тараққий эттиришда партиянинг ўрни ва иштироки тўғрисида кенг тушунчалар берилди. Йиғилганлар “Бир сайловчи - бир овоз” тамойилига амал қилган ҳолда сайлов жараёнларида фаол иштирок этишга келишиб олди.

Дилбар наволар, куй-қўшиқлар тадбир дастурига янада файз киритди. Туман маданият бўлими ходимларининг чиқишлари олқишлар билан қарши олинди. Тарғибот тадбири якунида викторина ўйини ўтказилиб,  саволларга тўлиқ ва тўғри жавоб берган  иштирокчиларга партиянинг эсдалик совғалари топширилди.

 

Фахриддин АБДУРАЗЗОҚОВ,

Халқ депутатлари Иштихон туман Кенгаши депутати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+