Ислоҳотлар йўлидан оғишмай бориш керак

02.04.2021 11:04:40

Мана бир неча йилдирки, мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича изчил иш олиб  борилмоқда. Албатта, ўтган давр мобайнида соҳа фаолиятида анчагина ўзгаришлар рўй берди. Бироқ ҳали олдимизга қўйилган вазифаларнинг барчасини уддалаб қўйдик, дейишга эрта. Куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган ва  соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича бултур ноябрь ойида қабул қилинган фармон ва қарорлар ижросига бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳам шу ҳақда фикр юритилганлиги бежиз эмас.

Давлатимиз раҳбари ушбу тадбирнинг бошланишидан то охиригача халқимизни юқори сифатли ва малакали тиббий хизматдан баҳраманд этиш ўта долзарб масала эканлигини бир неча бор таъкидлади. Бу, биз шифокорлар зиммасига катта масъулият юклайди. Ҳамкасбларимиз билан ўзаро суҳбатларда тез-тез аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида қилинаётган ишлар ҳақида гаплашиб турамиз. Албатта, маълум даражада қилинган ишлар йўқ эмас.

Масалан, йиғилишда  тиббиёт бўйича вилоятимизда тўпланган илғор  тажрибани кенг оммалаштириш тўғрисида фикр юритилди. Чиндан ҳам бизда республика ихтисослашган тиббиёт  марказлари билан мустаҳкам алоқа ўрнатилган. Пойтахтдаги малакали мутахассислар  шаҳар ва қишлоқларимиздаги оилавий шифокор пунктларида беморларни қабул қилишлари яхши анъанага айланган. Яъни хасталикка чалинган фуқаролар   пойтахтга бормасдан, ўзларининг  яшаш жойларида ихтисослашган тиббий ёрдам оладилар. Бунинг учун   аҳолини мунтазам равишда  тиббий кўрикдан ўтказиш йўлга қўйилган. Беморлар  вилоят, туман ва шаҳар тиббиёт муассасаларида режали стационар ва амбулатор шароитида даволаниб келмоқдалар. Келгусида бу иш янада такомиллаштирилади, албатта.

Шу билан бирга          танқидий таҳлил руҳида ўтган йиғилишда тиббиётдаги аҳвол жуда оғир экани, соҳа бўйича қабул қилинган фармон ва қарорлар бажарилмасдан қоғозда қолиб кетаётгани таъкидлангани барча қатори мени ҳам ташвишга солди. “Бу тизимдаги аҳвол қандай эканини яққол кўрсатади, — деди давлат раҳбари. - Йиғилишда сўзга чиқувчи раҳбарлар учта масала бўйича: жорий этилган янги тизим асосида тиббий харита шакллантирилгани, аҳолининг хавф гуруҳларига бўлингани нимани кўрсатганини, иккинчи — маҳаллалар кесимида тиббиёт бригадалари шакллантирилиб, аҳоли билан манзилли ишлаш қандай аҳволдалиги ва бундан нечта фуқаро миннатдор бўлганини, учинчи масала — тиббиёт муассасаларида қайси хизмат пулли, қайси бепул бўлганини жавобини айтиши керак”. Айни пайтда кўпчилик раҳбарлар бу вазифаларни тўлиқ тушуниб етмаётгани қайд этилди. Охирги олти  ойда Қорақалпоғистон, Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё, Хоразм вилоятлари соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари ҳамда 37 та туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари ишдан олингани шундан далолат. Раҳбарларнинг дунёқараши ўзгармас экан, бу рўйхат яна давом этиши мумкинлиги ҳам айтилди.

Кўриниб турибдики, вазият анчагина мураккаб ва жиддий. Бошланган ислоҳотларни жадаллаштириш, тиббиётдаги ўзгаришларни аҳоли кўпроқ ва тезроқ сезиши учун ҳаммамиз бор билимимиз ва куч-ғайратимизни сафарбар этишимиз зарур. Айни пайтда мен меҳнат қилаётган Республика шошилинч  тиббий ёрдам илмий  маркази Наманган филиалининг тез  тиббий ёрдам “Дамбоғ” бўлими жамоасининг фикри шундай.

                                                                           Отабек НАЗАРОВ,

халқ депутатлари Наманган вилояти кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзоси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+