Истиқлолим – иқболим

22.08.2022 17:08:24

...Куни- кеча тест натижаларини эшитиб, юрагим қувончдан хапқириб кетди. Катта неварам имтиёз билан хориждаги нуфузли университетда ўқийдиган бўлибди, яна бири ТошМИнинг талабасига айланибди. Кичик ёшдаги набираларимдан бири академик лицейда ўқишни давом эттирадиган, ундан кейингиси эса ихтисослаштирилган мактабнинг ўқувчиси бўлибди. Бир хонадондан тўртта талаба-ўқувчи! Ишонгинг келмайди. Қўни-қўшниларимиз, маҳалладошларимиз оилаларида ҳам бизникидек шодиёна.

...Ўтган аср 70 йилларининг ўрталари. Қовунпўчоғи ерга тушган маҳал. Қишлоқдаги тенгқурларим қатори 1 сентябрь тонгида мактабга отландим. Қора бўёққа тўйган парталар, бўр ишқаланавериб сийқаси чиққан доска, оҳак чизиқли ўт босган майдонча...- бариси таниш манзара. Дафтардаги ёзувимиз ярим бўлмаёқ ё бирор фандан баҳо олмасимизданоқ мактаб қувончи зумда тугайди – зўраки таътил, яъни пахта терими бошланади. Шу бўйи кеч кузда (агар режа бажарилмаса, «ҳашар» то қор ёғиб, ер музлагунча давом этади) қайтамиз. Эрта баҳорда ғўза ягана, май ўрталарида пилла ҳашар, кузда пахта – хуллас бир ўқув йилининг ярми далада ўтади.

Дала йўлини чангитиб, «Виллис» келади. Ундан виқор билан тушиб келган «шляпали амакилар» сиздан қайси фандан неча баҳо олганингизни эмас, кеча ва бугун неча кило пахта терганингизни сўрайди. Кунлик «норма»ни бажармаганлар чаноқ тилган қўллари билан бош қашлашдан нарига ўтишолмайди. Уларнинг касрига мактаб вакили – бечора ўқитувчи қолади. Келгувчилар «давлат сиёсатига зид иш тутгани, терим интизомини бўшаштириб юборгани» учун унга дакки бериб, ўдағайлаб, ўқувчилари олдида роса мулзам қилишади...

Бу ёзмишларим бугунги авлод учун эртакдек туюлиши табиий. Негаки Ўзбекистонимиз аждодларимиз орзуси - мустақиллик неъматига эришиб, у кунлар тушга ўхшаб қолди. Истиқлол насимлари туфайли жонажон диёримиз улкан ислоҳотлар мамлакатига айланди. Асрларга татигулик ишлар, лойиҳалар амалга оширилди. Биргина таълим соҳасидаги ўзгаришларнинг ўзи катта бир достонга сиғмайди. Ҳатто дунё ҳамжамияти ҳам ҳайратда. Ҳар қанча қувонсанг, алқасанг оз.

«Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади». Муҳтарам Президентимизнинг айтганлари бу кун ҳаётбахш шиорга, порлоқ келажак даъватига айланган. Ўқитувчи-мураббийларнинг қадри, мавқейи ҳар қачонгидан юксалди. Янги авлодга таълим-тарбия бериш самарадорлиги ва сифатини жаҳон андозалари даражасига етказиш борасида барча куч ва имкониятлар ишга солинмоқда.

Миллатимиз даҳолари номлари билан аталувчи ижод мактаблари, жаҳон стандартларига мос Президент мактаблари, янгидан янги олий таълим муассасалари, дунёнинг ривожланган мамлакатлари университетларининг филиаллари очилиши бунинг яққол исботидир. Ўз олдига мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган халқимиз орасидан ҳадемай янги Хоразмийлар, Берунию Ибн Синолар, Улуғбек ва Навоийлар, Мирзо Бобурлар етишиб чиқса не ажаб!

Изланувчан йигит-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида «Ёшлар технопарклари», 100 дан зиёд шаҳар-туманда “IT«ни чуқур ўргатадиган ўқув марказларининг барпо этилиши, мактаб ўқувчилари ва олий ўқув юртлари талабалари ўртасида «Бўлажак олим» танловининг ўтказилиши ва энг яхши инновацион ҳамда стартап лойиҳаларига катта маблағ йўналтирилиши эзгу мақсад йўлидаги қадамлардан саналади.

...Яқинда қишлоғимиздаги мактабнинг кимё муаллимаси Сожида опа, ўқувчиси фан олимпиадасида ғолиб чиққани боис, фахрий унвон ва пул мукофотига сазовор бўлганини эшитиб қувондим. Шу кезда собиқ шўро даврида умрининг қирқ беш йилини қишлоқ мактабида ўтказиб, еттита фандан қунт билан сабоқ берган, ўқимишли шогирдлар тайёрлаган устозимиз Ботир ака Фахриддиновни негадир эслагим келди. Домламиз бисотида «узоқ йил ишлагани учун» ёзуви битилган оддий фахрий ёрлиқдан бошқа нарса йўқ эди...

Ҳа, ИСТИҚЛОЛ элимизга, юртимизга кўп нарсалар берди, қадриятларимиз тикланди, инсон қадри юксалди, меҳнат эъзоз топди... – айтаверсанг адоғи йўқ. Илло, порлоқ келажакда ҳам шундай бўлиб қолажак!

Ҳалимжон ТОХИРОВ,

“Адолат” СДП Андижон вилояти Кенгаши фаоли.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+