Изчил ислоҳотларга муҳтож тизим

25.06.2021 12:06:06

Мамлакатимизда ҳуқуқий давлат, фуқаролик жамиятини ривожлантиришда сўз эркинлигини таъминлаш демократик жамиятнинг муҳим шартидир. Шу боис фуқароларнинг ўз шахсий фикри ва таклифлари ҳамда эътирозларини эркин билдирилиши табиий ҳолатдир. Бу эса кўп ҳолларда жамиятда етилиб келган муаммо ва турли ташкилотлар ҳамда улар фаолиятидаги тизимли муаммоларни яққол кўрсатиб бермоқда.

Айниқса, ижтимоий тармоқлардаги фуқаролар томонидан тарқатилаётган турли шов-шувли хабарлар бунинг ёрқин тасдиғидир. Бундай хабарлар ва улардаги эътирозлар асосан Ички ишлар идораларига, хусусан Йўл патрул хизмати ходимлари фаолиятига  нисбатан кўпроқ янграмоқда.

Яқинда “Формага доғ туширишми...?” деб номланган видеопост эълон қилинди. Унда Қашқадарё вилоятида Йўл патрул хизмати ходимлари ва ҳайдовчи ўртасидаги тортишув акс этган. Видеолавҳадан маълум бўлишича ҳайдовчи ходимлар томонидан тўхталиб, унинг йўл қоидаларини бузганлиги юзасидан жарима қўлланилганлиги ҳамда жаримани тўламасдан юрганлигини аниқлаган. Шунга асосан йўл патрул хизмати ходимлари ҳайдовчининг автомобилини жарима майдончасига қўйишга уруниши давомида ҳайдовчига нисбатан қўпол ҳаракатлар орқали муносабатда бўлганлиги натижасида ҳайдовчи оёқ кийимсиз қолган. Бундан ҳайдовчи жазавага тушганлиги акс этган.

Бу каби ҳолатлар тез-тез такрорланиши бир нарсани кўрсатмоқдаки, биринчи навбатда ушбу тизимда ишни тўғри йўлга қўйилмаганлиги, ходимларнинг ҳуқуқий билим даражасининг ўта пастлиги, ўз ишига нопрофессионаллигини кўрсатиб бермоқда.

Энг ачинарлиси, яқинда Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида ички ишлар ходимлари бир фуқаронинг ўлимига сабабчи бўлгани айтилаётган маълумотлар ижтимоий тармоқларни ларзага солди.

Бундан ташқари 2020 йил Андижон ва Қашқадарё вилоятларида Ички ишлар идоралари ходимлари томонидан 2 нафар фуқарони гумонланувчи сифатида терговга жалб этиб, оғир қийноқлар натижасида уларнинг вафотига сабаб бўлган эди.

Афсуски, бундай ҳолатлар кун сайин кўпайиб бормоқда, тизимда изчил ислоҳотларни амалга ошириш зарурати нечоғли муҳимлигини кўрсатиб бермоқда.  

Бироқ, содир бўлган воқеа қачонки, ижтимоий тармоқларда эълон қилиниб жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлгачгина юқори турувчи мансабдорлар томонидан чоралар кўрилмоқда. Ислоҳотларни амалга ошириш қонучилик талабларини кучайтиришга масъул давлат вакиллик органлари эса  шунчаки муносабат билдириш билан чекланилмоқда. Вақт кутиб турмайди, ўлганлар  эса қайтиб келмайди.

 

Дилором ШАМСИЕВА,

халқ депутатлари Навоий

вилоят Кенгаши депутати 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+