Ижодкор қизга рағбат ва эҳтиром

08.06.2021 12:06:54

Давлатимиз раҳбарининг вилоятларга ташрифини ҳар сафар диққат билан кузатаман. Хусусан, одамлар билан учрашувлар, уларда кўтарилган масалалар менда катта қизиқиш уйғотади. Айниқса, ёшлар  даврасида баён этиладиган муаммоларни тинглаганда, уларнинг ҳолатини ўз бошимдан ўтказгандай бўламан.  

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Сурхондарё вилоятига ташрифини одатдагидай диққат билан томоша қилдим. Айниқса, янги қурилган кўп қаватли уйга кўчиб ўтган Назира Раҳимова хонадонида бўлиб, ёлғиз она ҳамда унинг қизи Рухшона билан суҳбат қилгани менда катта таассурот қолдирди. Маълумки, ушбу  мулоқот чоғида ёш ижодкор Рухшона давлат раҳбарига янги нашрдан чиққан китобини туҳфа этди. Ўз навбатида, билимли, зукко, оқила, юксак иқтидор соҳибига давлатимиз раҳбарининг меҳри тушиб, «Спарк» автомашинаси совға қилишини билдирди. Буни ёш авлод вакилларига кўрсатилаётган ғамхўрликнинг ёрқин намунаси дейиш мумкин.

Куни кеча ижтимоий тармоқда  Президент совғаси - «Спарк» автомашинаси тантанали равишда Рухшонага топширилгани ҳақидаги хабарга кўзим тушди. Албатта, ҳамма қатори ёш ижодкор  учун чексиз қувондим. Унинг ҳис-ҳаяжонга тўлган қуйидаги сўзларини ён дафтаримга ёзиб олдим ва қайта-қайта ўқидим.

- Президентимиз эътибори ва ғамхўрлигидан бошим осмонга етди. Аслида, Термиз шаҳрига илм излаб келгандим, толеим кулиб, бу ерда бир қатор ютуқ ва муваффақиятларни қўлга киритдим. Онажоним 15 йилдан буён биринчи гуруҳ ногирони. У кишининг ҳолини сўраб келганлари учун давлатимиз раҳбаридан беҳад миннатдорман. Рости, бу кутилмаган ташриф сабаб онамнинг кечинмаларини асло сўз билан ифодалай олмайман. Президентимизнинг менга оталарча ғамхўрлиги, айниқса, онамнинг руҳиятига катта ижобий таъсир кўрсатди. Менга билдирилган бу ишонч ва рағбатни аъло хулқим, илму-иқтидорим ва Ватанимга муносиб фарзанд бўлиш билан оқлашга ваъда бераман

Ҳа, юртимизда навқирон авлоднинг униб-ўсиши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилмоқда.

 Акбаржон МАНСУРОВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши “Ёш адолатчилар” қаноти аъзоси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+