Ижтимоий тармоқларда кўтарилган муаммо ҳар доим ҳақ бўлиб чиқавермайди

26.08.2021 14:08:46

Яқинда ижтимоий тармоқларда «Хатирчи тумани, “Учқора” МФЙда яшовчи фуқаролар томонидан фермер бир ногирон аёлни участка нозирларига урдирди» номли видео тарқалиб қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Содир бўлган ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида Навоий вилояти ИИБ ҳолат бўйича баёнот берди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Навоий вилоят Кенгаши ўз дастурий мақсад вазифаларидан келиб чиқиб, ҳолатни ўрганди.

Ўрганишлар давомида партия фаоллари Хатирчи тумани, “Учқора” МФЙда ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари Ҳ. Ишназаров ҳамда ҳудудга бириктирилган профилактика инспектори И.Отақуловлар билан суҳбатлашди.

Маълум бўлишича фуқаро Т.Т. «Н.Ч.Б» фермер хўжалигига тегишли бўлган 162-контурдаги ер майдонидаги мавжуд боғни ўзаро келишув асосида пудратчи сифатида парваришлаб, етиштирилган ҳосилдан маълум миқдорда фермерга солиқ тўлаб келган. Пудратчида тўлов квитанциялари ҳам мавжуд. Тўланган тўловлар фермер хўжалигига эмас, солиқ идорасига бориб тўланган бўлсада, фермер хўжалиги ҳисоб рақамига тушмаган.

Шу сабабдан ушбу солиқ тўловларини  тўлашда ва бошқа ер билан боғлиқ масалаларда ўзаро ихтилофлар келиб чиққан. Натижада ушбу ҳолат судгача етиб борган. Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман судининг 2021 йил 10 мартдаги «Н.Ч.Б» фермер хўжалигига тегишли бўлган 162-контурдаги ўзбошимчалик билан фуқаро Т.Т. томонидан эгаллаб олинган 1 гектар токзор ер майдонидан мажбурий тартибда чиқариш бўйича қарори чиқарилиб, ижрога қаратилган.

Шунингдек, 2021 йилнинг 2 июль куни Хатирчи тумани, «Учқора» МФЙ ҳудудида «Н.Ч.Б» фермер хўжалиги раиси Ч.Н. фуқаро М.Т. ва бошқалар билан ўзаро жанжаллашиб, бир-бирларини камситувчи сўзлар билан ҳақорат қилиб, тан жароҳати етказган.

Шу ва бошқа барча ҳолатлар юзасидан процессуал тартибда масъуллар томонидан тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар олиб борилган ҳамда суд қарорлари чиқарилган. Туман мажбурий ижро бюроси ҳамда бошқа масъуллар томонидан суд қарорлари ижросини таъминлашда фермер ва пудратчи ўртасида ўзаро жанжаллар юзага келган ва ҳозиргача давом этмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, фуқаро Т.Т. ва унинг турмуш ўртоғи М.Тнинг асосий даромад манбаи шу бир гектарли узумзордан бўлган. Шу боисдан “Мол аччиғи - жон аччиғи” қабилида иш тутган пудратчи суднинг қонуний талабларига буйсунмасдан ўз билганича иш тутган. Ҳолатдан хабар топган туман ИИБ профилактика инспекторлари жанжални олдини олиш мақсадида ўз хизмат вазифасини бажариши давомида пудратчининг яқин қариндошлари томонидан тасвирга олиниб, ўз нуқтаи назари юзасидан ижтимоий тармоқларга жойлаштирилган. Маълум бўлишича, бугун 26 август куни “Учқора” МФЙ биносида маҳалла фаоллари ва профилактика инспекторлари иштирокида томонларни ўзаро муросага келтириш юзасидан йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Адолатлилик ғояси, барчанинг қонун олдида тенглиги, фуқароларнинг
ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, “Адолат —
қонун устуворлигида” тамойилини амалиётга янада кенг жорий этиш “Адолат”
СДП учун устувор йўналиши сифатида воқеаларни кузатишда давом этади.

 

Ўзбекистон “Адолат”

СДП Навоий вилоят

Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+