Ижтимоий тармоқларнинг фойдаси бисёр, зиёни-чи?

15.07.2021 12:07:43

Бугунги ахборот асрида замонавий технологиялар ҳаётимизга тобора чуқурроқ кириб бораётгани айни ҳақиқатдир. Айниқса, интернет тармоғи қулай, оммабоп ҳамда тезкор ахборот алмашиш ва тарқатиш воситасига айланиб улгурди. Ҳозир мамлакатимизда интернет фойдаланувчиларининг қарийиб 60-70 фоизини ёшлар ташкил қилади. Дунёда глобаллашув жараёни чуқурлашаётган, инсон онгини эгаллашга интилиш тобора кучаяётган ҳозирги шароитда ёш авлодни ижтимоий тармоқлардаги салбий ахборотлардан асраш муҳим вазифадир.

Ҳозирги кунда ижтимоий тармоқлар ҳаётимизнинг асосий қисмига айланиб улгурди. Хатто шу даражага бориб етдики, айримлар виртуал оламда яшай бошлади. Айрим ёшлар ижтимоий тармоқларга эрта тонгдан токи уйқуга кетгунга қадар бажарадиган ишларини, борган манзилларини, ҳуллас ҳаммаси ҳақида турли хил постлар жойлайдилар. Кимдир ўз ҳаётини дўстлари билан ўртоқлашса, яна кимдир янгиликлардан боҳабар бўлиш, турли хилдаги мавзуларни муҳокама қилиш билан банд бўлади.

Энг оммабоп ижтимоий тармоқлар “facebook”, “telegram”, “instagram”, “youtube”, “snapchat”лардир. Бу тармоқларнинг кундалик ҳаётимиздаги ўрнини ҳеч ким инкор қила олмайди. Ижтимоий тармоқларнинг бошқа оммавий ахборот воситаларига қараганда кенгроқ техник имкониятларга эга эканлиги барчага маълум. Яъни ижтимоий тармоқлар излаш ва мулоқотдаги қулайлик, ахборот топиш ва алмашишдаги енгиллик,  бизнес юритишда ва турли ижтимоий акциялар ва ёрдамлар ўтказишда беминнат ёрдамчи, ижодкорлар ва бошқа соҳа вакиллари учун кенг майдондир.

Аммо унинг ташвишланарли томонларига ҳам кўз юмолмаймизки, айрим ҳолларда ижтимоий тармоқларда нафақат вақтимиз, балки руҳий соломатлагимизни ҳам йўқотиб борябмиз.

Ижтимоий тармоқлар янги ҳодиса бўлгани боис унинг атрофида тўлиқ тадқиқотлар ўтказилмаган, унинг одамлар, айниқса ёшлар фикрига, дунёқарашига қанчалик таъсир этаётганлигини аниқ мезонлар асосида аниқлаб бўлмайди. Шунигдек дунё миқёсида компьютер тизимидаги турли хил маълумотларни тартибга соладиган, сарагини саракка пучагини пучакка айлантириб берадиган аниқ механизм йўқлиги сабабли очиқдан очиқ беҳаёлик, зўравонлик кўринишлари акс эттирилган суратларни бемалол жойлаштириш имкони борлиги сабабли айрим ғаразли кучлар ана шу “имконият”дан усталик билан фойдаланмоқда. Мана шундай зўравонлик, порнография каби ғайриинсоний ҳодисаларни тарғиб этадиган суратлар, видеофильмларнинг эълон қилиниши, бу глобал тизимнинг ёшлар дунёқарашига, маънавий тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи маълумотлар ҳамда ёлғон ва туҳматлар манбаига айлантириб қўймоқда. Бу эса ёшлар ўртасида ахборот олиш маданиятини тарбиялаш лозимлигини кун тартибининг асосий қисмига олиб чиқмоқда.

Сўнги кунларда мамлакатимизда ТикТок платформаси блоклангани айни муддао бўлди. Акс ҳолда қандай воқеалар рўй бераётгани барчамизга маълум. Масалан, турли хил ахлоқсиз, “бемаза” қилиқларни қилаётган ёшларнинг сони ҳам ортиб бораётган эди. Ёки ёди мангуга муҳрланган барҳаёт сиймолар ҳайкалларини тахқирлаётган ёшлар ҳам кўпчиликнинг дилини хира қилди. Ёшарнинг бундай ҳатти-ҳаракатлар қилишига нима сабабчи? Биргина жавоб – ижтимоий тармоқлардаги “юлдузлик”.

Мамлакатимизда ахборот хавфсизлигини таъминлашга йўналтирилган ва турли ахборот хуружларига қарши курашишга қаратилган бир қанча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бир сўз билан айтганда, мамалакатимизда интернетдан фойцдаланишнинг ҳуқуқий асослари билан бирга, маънавий-ахлоқий меъёрларни ҳам эътибордан четда қолдирмаслигимиз лозим. Бу жараёнда кенг жамоатчилик фаол иштирок этиши мақсадга мувофиқдир. Шунда интернетнинг салбий жиҳатлари камайиб, асосий эътиборни фойдали томонларига қаратган бўламиз.

 

Шарофат ХАСАНОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгаши

“Ёш адолатчилар қаноти” фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+