Йўл бериб йўлини йўқотганлар

18.05.2021 22:05:58

Сайҳунобод туманининг “Янги ҳаёт” маҳалласи “Оқчоб” қишлоғидаги аҳолига нисбатан бугун ана шундай таъриф бериш мумкин. Чунки маҳалла ҳудудидаги  ўн бир километрлик масофадаги асосий йўл Сирдарё соҳилидаги 12 та “карерлар”дан қум ва тош ортиб ўтадиган юк машиналарининг қатнови сабабли таъмирталаб аҳволга келиб қолган. Ўзбекистон  “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши томонидан ўтказилган “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси сабаб ушбу ҳудудга ташриф буюрдик.

-Биз туман ҳокимлигига ушбу йўлни таъмирлаб бериш бўйича талаб қўймаяпмиз. Фақатгина аҳолига ноқулайлик туғдираётган ушбу асосий йўлимизни “карерчи”лар бузиб ташлаганини эвазига тўғрлаб ҳам беришса, деган ниятдамиз. Яқинда Самарқанд вилоятидан келган меҳмонларимиз мазкур йўлнинг ўйдим-чуқурлари билан таниш бўлмаганлиги сабабли автоҳалокатга учрашига сал қолди. Хуллас “Янги ҳаёт”ликлар ушбу йўлдан юришдан чарчадик. Шу сабабли Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгашига мурожаат қилдик, дейди биз билан суҳбатда Шуҳрат Аҳмедов.

Ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида қум ва шағал ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларига борганимизда, ишчи ва хизматчиларни учратдик холос. Чунки раҳбарлари ушбу манзилда ҳар доим ҳам бўлавермас экан. Демак аҳолига ноқулай  ва таъмирталаб йўлларнинг бундай аҳволидан улар бехабарга ўхшайди.  

Шуниндек 3690 нафар аҳоли истиқомат қилаётган   маҳаллада ичимлик суви билан боғлиқ масала ҳам ўз ечимини кутиб турибди. Ичимлик сувининг қувури эскириб, яроқсиз холга келгани сабабли юздан ортиқ хонадон сув қувурлари билан таъминланмаган. Аҳоли уч йилдан буён узоқдан сув ташиб ичади. Томорқа учун ҳам оқар сув йўқ. Қишлоқ аҳолиси тиббиё хизмат учун тўққиз километр масофа узоқликдаги поликлиникага боради. Маҳаллада 230 нафар боғча ёшидаги болалар бўлишига қарамай мактабгача таълим ташкилоти йўқ. Бу ҳам аҳолининг ижтимоий соҳадаги муаммолари билан аллақачон юзма-юз келиш зарур эканлигини изоҳлайди. Гарчи ушбу ҳудуддан сайланган депутатлар бизнинг партия аъзоси бўлмасада  депутатлик гуруҳининг фаоллиги ва назорати ҳам белгилаб олинди. Энг муҳими қум ва шағал ишлаб чиқарувчи  тадбиркорлар фаолиятига йўл берамиз, деб ўзлари йўлсиз қолган аҳолининг мурожаатига ўз вақтида жавоб берилишида.  Демак биз мавзуга яна қайтамиз.

Маҳфират ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сирдарё вилоят  Кенгаши

 матбуот  котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+